1

Пиёда юрганларни мукофотлаш ими-жимида бекор қилиб юборилгани маълум бўлди

ЖАМИЯТ 26.05.2022, 15:52
Пиёда юрганларни мукофотлаш ими-жимида бекор қилиб юборилгани маълум бўлди

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев телеграм каналида пиёда юрган фуқароларни моддий рағбатлантирувчи  “Соғлом турмуш тарзи” лойиҳаси 2022 йил 6 апрелдаги ПФ-98-сонли Президент фармони билан бекор қилинганлиги маълум қилинди. 

Хабарнинг қизиқ жиҳати лойиҳанинг бекор қилинганлиги ҳақида 1 ярим ойдан буён Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан изоҳ берилмаганида. 

Жорий йилнинг 15 январь куни ПФ-6099-сонли Президент фармонига ўзгариш киритилиб, ҳар куни 10 минг қадам пиёда юрганларга 3 минг сўм бериш тизими тўхтатилган, унинг ўрнига янги тизим –  ҳар ҳафта 100 млн сўм ва мингта велосипед берилиши ваъда қилинган. Орадан 3 ой ўтар ўтмас, Президент фармонига яна  ўзгартириш киритилиб, пиёда юрганларни рағбатлантириш тизими бутунлай чиқариб ташланиши бўйича ҳуқуқшунос бир неча саволларни ўртага ташлайди. 

" – Фақат мени бир нарсага сира ақлим етмаяпти. Бу тизимни бекор қилишнинг жўяли ва асосланган конкрет сабаби нима? Бунақа таклифни ишлаб чиққан ва юқори раҳбариятни ишонтира олган Спортни ривожлантириш вазирлигининг мақсади нима бўлган ўзи?

Шахсан менда 2 та вариант бор:

Биринчиси, бюджетда пул етмай қолган. Аммо бу ишончсиз вариант. Спортга триллионлаб пул сарфланаётган бир пайтда пиёда юрадиган аҳолига бериш учун йилига тахминан 100 млрд сўм пул топилмаслиги уят.

Иккинчиси, янги ташкил этилган Спортни ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти бунақа тизим учун бошини қотириб, ўзини қийнагиси келмаган ва тинчгина уни бутунлай бекор қилиб қўя қолишни афзал билган. Бу вариант биринчисидан ҳам уятлироқ.

Чунки пиёда юрганларга пул бериш ташаббуси шахсан Шавкат Мирзиёевга тегишли эди. Президент бир неча бор йиғилишларда ушбу тизим бошқа давлатларда йўқлиги, тизим ўзини оқлаётгани, аҳолини шу орқали пиёда юришга ўргатиб, саломатлик билан боғлиқ кўплаб муаммоларга ечим топиш мумкинлигини таъкидлаганди.

Кимларнидир ишлагиси келмагани учун, ёки аҳолига беришга йилига қанчадир маблағ топилмагани учун Президент ташаббуси ўз-ўзидан, жамоатчиликка ҳеч бир изоҳ ва тушунтириш бермасдан бекор қилиб юборилаверадими?

Шаҳар шунчалик бедарвозами?", – дейилади ҳуқуқшунос муносабатида.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1