Ижтимоий тармоқларда Тошкентда эр аёлини ўлдириб, жасадини 2 кун машинасида сақлаб юргани ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, воқелик икки ярим ой бурун - 10 июнь куни содир бўлган. Ўша куни пойтахтнинг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи 25 ёшли Д. К. чап тухумдон кистаси ёритилиши натижасида ички қон кетишидан вафот этган. Экспертиза текшируви жараёнида марҳуманинг баданида тан жароҳатлари аниқланмаган.
Воқелик юзасидан терговга қадар текшириш ўтказилиб, Яккасарой туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатиш рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Туман прокуратурасининг ушбу қарори барвақт қабул қилингани сабаб жорий йилнинг август ойи бошида бекор қилиниб, айни пайтда қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Айни жараёнда ўлимга сабаб бўлган ҳолатларга яна-да аниқлиш киритиш учун судга оид комиссиявий экспертиза тайинланган.
Экспертиза хулосасидан келиб чиқиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Бундан ташқари марҳуманинг жасади "икки кун мобайнида машинада сақлаб юрилгани"ни эҳтимолини жуда паст экани ҳам таъкидланмоқда. Чунки, жазирама иссиқда инсон жасади икки кунлаб машина салонида олиб юрилиши (ёки сақланиши) соғлом тасаввурга тўғри келмайди. Дастлабки хулосаларга кўра, ижтимоий тармоқларда акс этган лавҳа марҳуманинг жасади экспертизадан яшаш хонадонига олиб келган вақтда тасвирга олинган. Бундан кўринадики, ижтимоий тармоқларда ҳолат жуда бўрттириб юборилаётир.
Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ушбу ҳолат бўйича қўшимча терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.