1

«Аёллик бахтининг уволи урди…»

МУТОЛАА 13.10.2016, 12:25
Теглар: Юрагимда сақлаганларим
«Аёллик бахтининг уволи урди…»

Поезд юрай-юрай деб турганида аранг чиқиб олдим. Купега кирганимда ёши элликларга борган бир хотин икки ҳамроҳини оғзига қаратиб нималарнидир жаврар, ўн олти-ўн етти ёшлардаги қиз эса чойнакдаги чойни қайтариб турарди. Тўрт кишилик купеда жой тўлиб бўлганди. Кимдир чиптасиз чиққан бўлса керак. Менинг ўрнимни эгаллаб ўтирган қизалоқ дарҳол фаҳми етиб, жойни бўшатди…

Тинмай гапираётган унинг онаси экан. Қизга қараб бақира кетди:

– Ҳой яшшамагур, бунча қайтардинг чой ўлгурни совитиб. Қуя қолмайсанми!

Қиз индамай пиёлаларга чой қуйишни бошлади. Аёл эса «нутқи»ни келган жойидан янада баландроқ овозда улаб кетди.

– Ҳа, афтинг қурғур! Бир ой аввал келганимда миқ этмаганди, бу сафар қарасам, ҳе йўқ-бе йўқ менинг деворимга тираб тандир қуриб олибди. Агар бир ҳафта ичида тандирингни бузиб ташламасанг, мен сенинг уйингни бузаман дедим. Мана кўради, айтганимни қиламан ҳам.

Ҳамроҳ аёллардан бири «тўғри айтасиз, бопланг» қабилида унинг ғазаб ўтига мой сепган бўлди. Иккинчиси эса:

– Тандирни бузиш – гуноҳ. Ўзингиз барибир у ҳовлида яшамаётган экансиз. Қўйинг, тураверсин. Ўзи бузилиб тушмагунча тандирга тегиб бўлмайди, — деди.

– Ҳо-о, нега энди. Мен ҳеч қанақа ирим-сиримини билмайман. Бузади дедим, тамом-вассалом. Мен аёл бўлсам ҳам, битта гапираман! Керак бўлса, ўнта эркакни ҳуркитаман. Ёлғиз бошим билан тўртта болани эплаб боқиб юрибман-ку!

– Вой, айланай, хўжайинингиз оламдан ўтганми? 

Боядан бери овозини баланд қўйиб, ҳар икки гапининг бирига қарғиш ёки сўкиш қўшиб шанғиллаётган аёл бир зум тинчиб қолди. Кейин қизини «Нега нонларни яхшилаб ўрамадинг, жувонмарг?» деб бир қарғаб олди-да, кўзида айланаётган ёшларини яширишга уриниб, купе деразасидан ташқарига қараб олди. 

– Узр, синглим, ярангизни тирнаб қўйдим шекилли, – деди тандирни буздирмасликни маслаҳат берган ҳамроҳимиз.

– Қўяверинг, тирнасангиз-тирнамасангиз тузалмайди бу яра. Шунчаки, кўнглим тўлиб кетди. Эрим билан мактаб давриданоқ севишардик. Оҳ, бизнинг муҳаббатга Лайлию Мажнунларнинг ҳам ҳаваси келарди. Ота-оналаримизнинг қаршилигига қарамай оила қурдик. Бирин-кетин тўрт фарзанд кўрдик. Аммо ҳаётим тинч эмасди. Қайнона-қайнотам билан рўйимиз тўғри келмагани етмагандек, охирги пайтларда эрим ҳам менга чап бўлиб қолди. Нуқул мени шаллақисан, ношукрсан деб сўкарди. Ишдан келсам, кулиб кутиб олмайсан, нолиганинг-нолиган, сен ҳам кўнглингни кенг қилиб, сабрнинг этагидан тутсанг, рўзғоримизга барака киради дерди. Мен бўлсам сабр қилиб ўтирадиганлардан эмасдим. «Қўлингдан келса, рўзғор  қилиб, болаларингни боқиб ол. Бўлмаса, хотин бўлиб уйда ўтир, мен эр бўлиб нон топай. Худога шукр, қўлидан иш келмайдиган нотавон эмасман!» дердим нуқул. Ўша пайтлар мен туманимиздаги туғруқхонада ҳамшира бўлиб ишлардим. Туғруқхонада, биласиз, суюнчи, қўл ҳақи деган нарсалар бўлиб турарди. Шуларга ишонардим-да. Қўли енгил ҳамшира эдим, буни ҳамма тан оларди.

Болаларим ўсгани сайин талабларим ҳам орта борди, чунки уларни яхши едириб-кийдиргим, Тошкентда ўқитгим келарди. Эрим эса оддий ҳайдовчиликдан топгани билан рўзғоримизни аранг тебратарди. Бора-бора ишдан кеч қайтадиган, ичиб келадиган одат чиқарди. Бир куни ширакайф ҳолда рул бошқариб, ҳалокатга учради. Умуртқа поғонаси шикастланиб, ётиб қолди. Ўша куни дарди-дунём қоронғи бўлди. Эримга ачинмасдим, фақат ногирон одамнинг хотини бўлишдан ор қилардим. Эртага қизларимнинг бўйи етиб, совчилар келса, отаси ногирон экан, деб қайтиб кетадими? Ўғилларимга касалманд қайнотага чўриликка берадиган қизим йўқ, деб одамлар қиз бермай қўядими? Ўша пайтда фақат шундай хаёллар миямда ғужғон ўйнарди. Етмаганига бу ногиронни парваришлашим, умримнинг навқирон фаслини унга қурбон қилишим керак эди. Буни истамадим, эрим билан ажрашдим. Қайнонам ўша куниёқ мени болаларим билан уйдан ҳайдаб чиқарди. Бувимдан қолган эски ҳовлида яшай бошладик.

Ўзимча ногирон эрга қарагандан кўра яхши ишлаб, пул топиб, болаларимни боқаман деб ўйлагандим. Бу мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Авваллари эрим рўзғорни қилгани учун қўлимда пул тураркан. Энди бўлса ойига ўн беш марта навбатчиликка турсам ҳам, қўни-қўшниларга игна санчиб, қўшимча даромад қилсам ҳам топганим тўрт болага етмасди. Ҳали булар учун уй-жой қилиш, ўқитиш, қизларни узатиш, ўғилларни уйлантириш керак. Охири болаларимни онамга қолдирдиму, Тошкентга йўл олдим. Бу ерда бир кафега официант бўлиб ишга кирдим. Маоши қишлоқда топганимдан анча яхши бўлса ҳам, иши жуда оғир эди. Эрталабдан кечгача тик оёқда юриш, дам олиш кунларисиз ишлаш мени роса толиқтирди. На уйқуга тўяман, на ўзимга қарашга вақт топаман. Бир йилда нақд беш ёшга қаридим. Кўрганлар мени танимайдиган бўлиб қолишди. Эрим эса поликлиникада ишлайдиган, турмуши бузилган бир шифокор аёлга уйланибди. Хотини уни яхши парвариш қилиб, бирпасда оёққа турғизиб юборибди. Эшитишимча, эрим яхши пул топиб, бир неча машиналарни ижарага бериб қўйганмиш. Албатта, буни билгач, дарҳол болалар учун пул сўраб бордим. У уйда йўқ экан, онасию опалари юмма талаб қувиб солишди. Эримга (эндиликда собиқ эримга) қўнғироқ қилиб, алимент сўрасам, «Мендан бир тийин ҳам ололмайсан» деди. Судга бердим, лекин бир иш чиқмади. У ўзини бечора, ногирон қилиб кўрсатди, ижарага чиқариб қўйган машиналаридан олаётган даромадини эса ҳеч бир ҳужжат билан исботлай олмадим. Эрим «қўлингдан кўп иш келарди-ку, бор, аравани бир ўзинг тортиб кўр-чи», – деди. Шунда жаҳл устида «ҳали кўрасан, нақд уч қаватли иморатлар солиб, кўзингни куйдираман», – дедим.

Шу-шу кўнглимда ҳаётга нисбатан аламзадалик пайдо бўлди, бўлар-бўлмасга жиғибийрон бўлиш, ҳаммадан алам олиш мен учун одатга айланди. Болаларим ҳам мендан безиб кетишган. Тарбиялари билан ҳам тузукроқ шуғулланолмадим. Катта қизим бир йигит билан қочиб кетиб, шарманда қилди. Тўй-томошасиз узатиб юбордим. Ўғилларимнинг қўлидан бир иш келмайди. Мактабда тузукроқ ўқишмади. Бирор касбнинг бошидан тутишмади. Тошкентга олиб кетиб, официантликка жойлаб қўйсам, шуни ҳам эплай олишмади. 

Танишларим қўли енгил ҳамшира эдинг, қишлоққа қайтиб, ўз касбинг билан шуғуллан дейишади. Мен у ёқда катта қурилиш бошлаб қўйганман. Данғиллама ҳовли қуриб, қарс-бадабанг тўй қилиб, қайнона-қайнотам, эрим ва кундошимга кимлигимни кўрсатиб қўйишим керак.

Шундай дейману, аммо қўшгани билан қўша қариб юрган, фарзандларининг тўйида елкама-елка турган эр-хотинларни кўрсам, ҳавасим келади. Эрига эркаланиб, болаларининг тарбияси билан шуғулланиб, иссиққина ўрнини совитмай ўтирган, гап-гаштаклар ўйнаб, тўйларга тугунлар кўтариб бориб яйраб юрган оилали аёлларнинг ўрнида бўлгим келади. Аслида ўзим ҳаммасини барбод қилдим. Энди эса уйга кириб аёл, кўчага чиқиб эркак бўлишга мажбурман. Бу одамни шунақанги чарчатади, шунақанги эзиб ташлайдики…

Шу пайт купенинг эшиги очилиб, проводник кўринди ва:

– Опажон, назоратчилар чиқиб қолишди, чипталарни текширишяпти. Юринг, сизни бир жойга яшириб турай, – деб аёл ва унинг қизини олиб чиқиб кетди.

Турмушда ҳамма нарса бўлиши мумкин, аммо, назаримда, аёл киши фақат аёллик учун яралган. Кўча-қўйда бақириб-чақириб муносабатларни ойдинлаштираётган, ўрни келганда эркакларни ҳам ноқулай аҳволга солиб қўядиган шарманда сўзлар билан «ўзини кўрсатаётган» хотин-қизларни кўриб ўйланиб қоламан: булар кимга нимани исботламоқчи? Ҳаёт курашдан иборат дейишмоқчими? Унда нима мақсад йўлида курашишяпти? Ахир, жанжаллашиш курашиш дегин эмас-ку!

Кўзингизни очинг, аёллар! Унутманг, хотинчалиш эркак нақадар асабга тегса, эркакшода аёл ҳам шунчалик хунук кўринади.

ШАҲИНА қоғозга туширди

Шарҳлар

​ҚИММАТГА ТУШГАН “МУҲАББАТ”

25.07.2017, 11:04

Бирон бир ишни бошлаш осон кечмайди. Немисларда ҳам “ҳамма ишнинг бошланиши оғир” деган мақол бор. Қанча меҳнат, маблағ ва тинимсиз ҳаракат зарур. Ҳужжатларни тўғрилаш, маълум...
​Шубҳага эргашиб…

11.07.2017, 12:11

Насиба кўзини тўйхонанинг тўрт томонига югуртириб эрини излай бошлади. Қани у? Тополмагач, ўрнидан турди-да, бутун ташвишларини унутиб шўх таронага рақс тушаётганларни оралаб, эшик томон юрди....
​Япроқдаги нур

29.06.2017, 14:11

Қизлар ётоқхонасининг юқори қаватига кўтарилаётганимда қаттиқ ҳаяжонланиб кетдим. Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. Қандай кутиб оларкин? Нимадан гап бошласам экан? Бу учрашувимиз нима билан тугаркин? Ҳар...
​МЕҲРИБОН

28.06.2017, 15:27

Собира календарга қаради. Ўн еттинчи феврал… Эртага ўғли билан учрашади. Иккиларининг ҳам туғилган кунлари. Юрагини темир қўллар ғижимлагандек бўлди. Соғинган, жуда-жуда соғинган…Уч йил муқаддам…Собира ўзи...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1