1

ОИТСдан халос бўлган биринчи бемор ёхуд аср вабоси ҳақида 20 далил

САЛОМАТЛИК 01.12.2023, 11:47
ОИТСдан халос бўлган биринчи бемор ёхуд аср вабоси ҳақида 20 далил

Тиббиёт кун сайин ривожланиб бормоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо афсуски, бугунги кунда тўлиқ давоси топилмаган бир қанча оғир касалликлар ҳам йўқ эмас. Ва ҳеч бир инсон, у ким бўлишидан қатъи назар, кутилмаган ташхисдан юз фоиз ҳимояланмаган. Мисол учун, ОИВ (Одам иммун танқислиги вируси)ни олайлик. Ушбу вирусни “кўринмас қотил” деб ҳам аташади. Жинс, ирқ ва миллат танламайдиган бу вирус илк бор ўтган асрнинг 1981 йилида аниқланган эди. Бугун эса Ер юзида мазкур офатдан азият чекаётганлар сони 39 миллиондан ошган (unaids 2022-йил сўнгида эълон қилган маълумотларга асосланиб). Статистика ўз йўлига. 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни. Мазкур кун муносабати билан"darakchi.uz" Тошкент шаҳар ОИТСга қарши кураш маркази шифокори Шуҳрат АКБАРОВ маълумотлари асосида ОИВ ва ОИТС ҳақида сиз билмаган далилларни тақдим этади.

  1. ОИТС (AIDS) атамаси илк бор бундан 41 йил аввал тилга олинган эди. ОИТС билан боғлиқ ўлимлар 2004 йилдан буён деярли 70% га камайди.
  2. Бугунги кунда ЮНЕЙДС маълумот бераётган натижаларга қадар дунё, жамият ва илм-фан узоқ йўлни босиб ўтди: 

• ОИВ инфекциялари билан боғлиқ ҳолатлар сони 1980 йиллардан буён энг паст кўрсаткичга тушиб, 1995 йилги энг юқори чўққидаги кўрсаткичлардан буён деярли 60% га камайди; 

• 2004 йилдан бери ОИТС билан боғлиқ ўлимлар сони қарийб 70% га камайган; 

• қарийб 30 миллион киши ОИВ инфекциясидан даволаниш имкониятига эга, 9 миллион киши эса буни кутмоқда; 

• Жаҳоннинг 5 мамлакати ОИТСга барҳам бериш йўлидан бориб, кутилаётган маррага 3 йил эрта эришмоқда; 

• Яна 16 та мамлакат ушбу мақсадларга эришишга яқин турибди. 

 Буларнинг бари ОИВ профилактикаси, диагностикаси ва даволаш соҳасида қирқ йилдан зиёд вақт давомида олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайлидир. 

3. 1981 йил: АҚШдаги биринчи ҳолат

ОИТС бўйича илк расмий илмий ҳисоботлар 1981-йил июнь-июль ойларида АҚШ Касалликларни назорат қилиш маркази (CDC)нинг "Касалланиш ва ўлим бўйича ҳафталик ҳисоботи"да нашр этилган оғир пневмоцист пневмония ва Капоши саркомаси ҳолатлари ҳақидаги мақолалар эди.  Олим Майкл Готлиб илк бор иммун тизимга чуқур зарар етказадиган янги касалликни тасвирлаб берди. 

4. 1982 йил: ОИТС атамаси пайдо бўлди 

Тўлиқ таҳлил америкалик тадқиқотчиларни илгари номаълум бўлган синдром мавжуд деган хулосага олиб келди. 1982-йил 24-сентябрда CDC биринчи марта ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми —AIDS) атамасини қўллади ва касалликни аниқлади. 

5. 1983-1984 йиллар: вируснинг аниқланиши 

1983 йилда француз олими Монтанье касалликнинг вирусли хусусиятини аниқлади. У ОИТС билан касалланган бемордан олиб ташланган лимфа тугунида вирусни топди ва уни LAV (Lymphadenopathy associated virus) деб атади. 

6. 1984 йили Мэриленд университети қошидаги Инсон вирусологияси институти директори доктор Роберт Галло ОИТСнинг асл сабабини топганини эълон қилди. 

У беморларнинг периферик қонидан вирусни олишга муваффақ бўлди. Олим HTLV-III (Human T-lymphotropic virus type III) деб номланган ретровирусни ажратиб олди. Топилган икки вирус бир хил бўлиб чиқди. 

7. 1985 йил: вирус юқишинингсабаблари ва тестлар 

1985 йилда ОИВ қон, сперма ва она сути орқали юқиши аниқланди. Ўша йили биринчи ОИВ тести ишлаб чиқилди, унинг асосида АҚШ ҳамда Япония мамлакатлари донорлик қони ва унинг препаратларини ОИВ бўйича текшира бошлади. 

8. АҚШ Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш департаменти ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Жоржия штатининг Атланта шаҳрида ОИТС бўйича биринчи халқаро конференцияни ўтказди.

9. 1986 йил: ОИВ атамасининг пайдо бўлиши 

Май ойида Халқаро вируслар таксономияси бўйича қўмита янги — "одам иммунитет танқислиги вируси" номини қабул қилди, ОИВ (инглиз тилида: Human immunodeficiency virus, HIV).  Ва у ОИТС қўзғатувчи LAV ҳамда HTLV-III бир хил вирусга тегишли эканини тасдиқлади. 

10. 1987 йил: илк препарат

Март ойида АҚШнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий препаратлар сифати бўйича санитар назорат бошқармаси (FDA) дунёдаги биринчи антиретровирус препарати Зидовудин (АZТ,  тескари транскриптазнинг нуклеозид ингибитори)ни тасдиқлади. 

11. 1988 йил: янги сана 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 1 декабрь санасини – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни деб эълон қилди. 

12. 1991 йил: янги рамзий белги

Профессионал рассомлар ва арт-менежерлардан иборат “Vizual AIDS” гуруҳи ўзига хос шаклда букланган қизил лентани яратди – бу бутун дунё бўйлаб шуҳрат қозонган рамз бўлиб, ОИТСга қарши кураш тимсоли эди. 

13. 1990-йиллар: бирлаштирилган схемалар 

1990-йиллар бошида яна учта тескари транскриптазнинг нуклеозид ингибиторлари тасдиқланди. Шу билан бирга, мутахассислар препаратларни биттадан ишлатиш тез қаршиликка олиб келишини аниқлашди.  Шунинг учун биринчи протеаз ингибитори Саквинавир 1995 йилда ва Нелфинавир 1996 йилда тасдиқланди. Шу пайтдан бошлаб, комбинацияланган самарали муолажа даври бошланди. 

14. 2002 йил: Глобал жамғарманинг ташкил этилиши 

Январь ойида ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш глобал жамғармаси ўз ишини бошлади ва ОИВ тарқалишига қарши кураш учун биринчи грантларини тақдим этди. ЮНЕЙДС (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИТС бўйича қўшма дастури) ОИТС дунё бўйича ўлим сабаблари орасида 4-ўринда эканлигини эълон қилди. 

15. 2000 йиллар: Такомиллашган схемалар 

Биринчи ОИВ дорилари таблеткалар сони ва ҳажми, шунингдек, кутилмаган ножўя таъсирлари туфайли қабул қилишга ноқулай эди. Бу қулай ва яхши қабул қилинадиган схемаларни ишлаб чиқиш бўйичасаъй-ҳаракатлар амалга оширилишини тақозо этди. 2001 йилдаFDА биринчи тескари транскриптазнинг нуклеотид ингибитори бўлмиш тенофовир дисопроксил фумарат (ТDF)ни тасдиқлади. 2006 йили эфавирен /тенофовир/эмтрицитабиннинг биринчи бир таблеткали схемаси тасдиқланди. 2007 йилда FDA интегразнинг биринчи ингибитори — Ралтегравир тасдиқланди.

16. 2008 йил: ОИВни аниқлаган олимларга Нобель мукофоти берилди

6 октябрь куни Стокгольмдаги Нобель қўмитаси тиббиёт ва физиология бўйича 2008 йилги Нобель мукофоти совриндорлари номини эълон қилди: француз вирусологлари Люк Монтанье ва Франсуаза Барре-Синуссилар Одам иммунитет танқислиги вирусини кашф этгани учун тақдирланди. 

17. 2009 йил: Берлинлик бемор

12-февраль куни Nеw England Journal of Medicine журналида ОИВ инфекциясига генетик қаршиликка эга бўлган донордан суяк илиги илдиз ҳужайралари кўчириб ўтказилиши туфайли ОИВ инфекциясидан даволанган дунёдаги биринчи одам — "Берлинлик бемор" бўйича тадқиқот натижалари эълон қилинди.

18. 2010-йиллар: Кўпроқ муолажа ва PrEP имкониятлари 

Бу пайтга келиб, антиретровирус терапия учун дори препаратлари касалликнинг ривожланишини тўхтатибгина қолмай, ОИВ юқишининг ҳам олдини олиши мумкинлиги ҳақида кўпроқ маълумотлар пайдо бўлди. Ва 2012 йилда ОИВ таъсиридан олдинги профилактика учун биринчи препарат (PrEP) — тенофовир/эмтрицитабин (Трувада) тасдиқланди. Шунингдек, 2012 йилда CD4 ҳужайралари сонидан қатъи назар, АҚШда ОИВ ташхиси қўйилган ҳар бир киши учун АРТ тавсия этилди. 

19. 2020-йиллар: инновацион ёндашувлар

2020 йилда биринчи ОИВ бириктирувчи ингибитори — Фостемсавир тасдиқланди.  2021 йилда каботегравир + рилпивирин, шунингдек, ОИВ таъсиридан олдинги профилактика учун узоқ муддатли Каботегравирнинг биринчи тўлиқ узоқ муддатли инъекцион даволаш схемаси тасдиқданди. 2022 йил охирида биринчи ОИВ капсид ингибитори – Ленакапавир тасдиқланди.  Бу кўплаб дори-дармонларга чидамли ОИВ билан касалланган беморларга ҳар 6 ойда бир марта (бирламчи терапияга қўшимча равишда) қўлланадиган инъекциядир. 

20. Ваниҳоят айни пайтда...

Мутахассисларнинг фикрича, ОИВ терапиясининг келажаги узоқ муддатли таъсир кучига эга бўлган дорилардир. Бунда ген инженерияси, хусусан, CRISPR геномини таҳрирлаш технологияси муҳим роль ўйнайди. Ҳозирги кунда бир қанча инновацион дори воситалари, жумладан, ОИВни даволаш усуллари, шунингдек, ушбу касалликка қарши вакциналар тадқиқ қилинмоқда.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1