1

“Менинг дадам ҳаммадан яхши!”

СУҒДИЁНА 24.11.2016, 14:33
Теглар: Аёл, Ота, Ота-она, Оила, Эр-хотин, SUGDIYONA
 “Менинг дадам ҳаммадан яхши!”

Ота бўлишни истамайдиган эркак йўқ. Аммо бу орзуга эришгач, ҳар ким ўз масъулиятига турлича ёндашади. Хўш, сизнинг турмуш ўртоғингиз бу борада қандай? Уни намунали ота дея оласизми?

Инсоннинг турли ҳаётий вазиятларда ўзини қандай тутиши туғилишиданоқ унинг қонига жо бўлган хусусиятлар, бир сўз билан айтганда, мизожига боғлиқ бўлади. Руҳшунослар фикрича, одам мизожи (темпераменти)ни шартли равишда тўрт турга бўлинади: холерик, сангвиник, флегматик ва меланхолик. Қизиғи шундаки, мизож бутун умр давомида ўзгармайди. Фарзандларингизнинг отаси қай бир мизож соҳиби эканлигини аниқлаш учун унинг кутилмаган вазиятларда ўзини қандай тутишига эътибор беринг.

Тест

Бунинг учун эрингизни стресс (яъни кутилмаган) ҳолатига тушириб, синовдан ўтказишингиз керак. Масалан, ундан ярим қозон қайнаб турган шавла (ёки мошкичири)ни кавлаб туришини илтимос қилиб, уни болангиз билан ошхонада ёлғиз қолдирасиз. Орадан ўн беш дақиқа ўтгач, ошхонага қайтасиз ва натижани баҳолайсиз.

 

Биринчи вариант. Ошхона остин-устин бўлиб кетган... Сув жўмраги остида идиш-товоқ уюми. Қозон-капгир товуши орасида эрингизнинг овози эшитилади: «Шундай қилиб бўғирсоқ юмалаб кета бошлабди… Тегма, куясан! Йўқ, менга бер! Кейин унинг олдидан тулки чиқиб қопти… Эй-й, тегма дедим-ку!!! Ойинг қаерга кетди, а???» Ана шу пайтда ошхонага киришингиз билан оила бошлиғи пиширган (тўғрироғи, тагига олдирган) таомни сизга тақдим этади. Хулоса: эрингиз – холерик.

 

Иккинчи вариант. Қаттиқ кулги ва мусиқа овози келаяпти. Фақат ошхонадан эмас, меҳмонхонадан. Эрингиз болани осмонга отиб ўйнатаяпти ва айни дамда қулоғи билан елкаси орасига мобиль телефонини қистириб ким биландир шодон суҳбат қураяпти. Ошхонадан эса куйган овқат иси келаяпти. Шуниси аниқки, у сангвиник!

Учинчи вариант. Уй жим-жит. Фақат қозон биқирлаб қайнаяпти. Бола йўлакда алланималарни ўйнаб юрибди. Эрингизнинг нигоҳи  компьютерга қадалган. «Овқат нима бўлди?» деб сўрасангиз, «Ҳозир-ҳозир кавлайман», деган жавобни оласиз. Флегматик ота худди шундай бўлади!

Тўртинчи вариант. Баъзан ўн беш дақиқа кутишга тўғри келмайди. Эрингиз икки дақиқа ўтмай, сизни чақириб, пазандаликка оид маслаҳат сўрайди. Кейин бола негадир жим бўлиб қолгани, балки касал бўла бошлаётгани, зудлик билан қарамасангиз, бир бало бўлишини айтади. У қилади, бу қилади, хуллас, бирор баҳона билан тезда қозонни ҳам, болани ҳам ўзингизга топшириб, аллақаёққа кетиб қолади. Шак-шубҳасиз, у – меланхолик.

Ота ҳамма нарсага қодир. Фақат у она бўла олмайди. Шунга қарамай, маълум фурсат унга болани ишониб топшириш мумкин!

 

ХОЛЕРИК ОТА 

Унинг асаблари ўта мустаҳкам. Фақат кутилмаганда жаҳли чиқиб кетиши ёмон.

Энг муҳими, юрагида ўти бор. Бирор ишга киришгудек бўлса, уни охирига етказмагунча қўймайди. Масалан, қум ўйнаётган боласига кичкина қумкулча ясаб бераман дея бу ишга қизиқиб кетганидан бутунбошли “қумшаҳар” қуриб қўйиши мумкин. Ташқаридан қараганда, у тўфонни эслатади. Тезлик ва қатъият билан ҳаракат қилади. Худди шундай жаҳлдан ҳам тез тушади. Бир жанжал қилиб олганидан кейин ўзини айбдор ҳис этиб, кечирим сўрайди. Агар фарзанд тарбиясида у билан фикрингиз бир жойдан чиқмаса, ўз фикрингизни бир четга суриб қўйишингизга тўғри келади. Чунки эрингиз барибир ўз билганидан қолмайди. Танқидни кўтара олмайди, чунки ўзини дунёдаги энг яхши ота, деб билади. Хуллас, холерик ота – чинакам қўмондон!

Холерикларни буйруқ оҳангидаги товуши, ўзига бўлган ишончи ва хатти-ҳаракатларидаги шиддатдан тезгина таниб олиш мумкин.

 

САНГВИНИК ОТА

Сангвиник ота ҳам кенгфеъл, хушчақчақ ва  ҳаётсевар инсон. У доим хуш кайфиятда юради. Бундай ота бола парваришига оид ҳар қандай юмушни уддалай олади: тагликниям алмаштиради, боланинг сутиниям ичиради, унга эртак ҳам айтади. Ҳар куни фарзанд тарбиясига доир янгича бир усул ўйлаб топади ва эскисини осонгина унутади. Масалан, бу ҳафта у фарзандининг спортчи бўлишини орзу қилса, сал фурсатдан сўнг  бўлажак шифокор тарбияси билан шуғулланишни истаб қолади. Қолаверса, сангвиник ота мулоқотга жуда ҳам уста. Болани сайрга олиб чиқиб, бутун маҳалла билан суҳбатлашиб келади. Агар у болани олиб, узоқ муддат кўринмай қолса, билингки, қайсидир оғайнисининг машинасида унинг ишини битириш учун кетиб қолган. Бола эса автомобилнинг орқа ўриндиғида ухлаб қолган.

Сангвиникнинг чеҳрасидан доимо нур ёғилиб туради, юз мимикаси эса ўта ўзгарувчан. Енгил ва чаққон одимлайди.

 

ФЛЕГМАТИК ОТА

Унинг ҳам асаблари мустаҳкам. Аммо бирор ишни бошласа, ҳеч шошмайди. Ҳар бир қадамини ўйлаб босади. Флегматиклар жуда сабрли инсонлар. Уларни ҳеч қачон руҳан енгиб бўлмайди. Ташқаридан қараганда, фильмлардаги махфий агентни эслатади: хурсанд бўлаяптими у ё хафами – билолмайсиз.   Болани аравачада сайрга олиб чиққанида ҳам битта-битта одимлайди ва ҳар доим фақат бир йўналиш бўйлаб юради. Жуда камгап. Агар бола билан гаплашиб туришини сўрасангиз, нима ҳақда гап бошлашни билмай, ўзини йўқотиб қўяди. Баъзан у дангасадек кўриниши мумкин, аслида эса  майда-чуйдаларга вақт ва куч сарфлагиси келмаётган бўлади. Унга доим ўзига келиб олиши учун вақт керак бўлади. Тарбия борасида янгиликларга жуда ишончсиз муносабатда бўлади. Анъаналар ва синалган усуллар тарафдори. Болани аввалбошданоқ қатъий кун тартиби ва интизомга ўргатади.

Майли, у камгап бўлақолсин, аммо ҳеч қачон сизни болалар билан ёлғиз ташлаб, дўстлари ҳамроҳлигида гап-гаштакка бормайди.

 

МЕЛАНХОЛИК ОТА

Ўйчан, камгап, шоиртабиат инсон. Унинг ўз дунёси бор. Хаёллари нуқул фазода учиб юради.

Аммо жуда билимли. Масалан, болалар саломатлиги тўғрисида шифокордан ҳам кўпроқ маълумот билади. Чунки ҳали ҳомиладорлигингиздаёқ кўплаб тиббиёт энциклопедияларини титиб, керакли маълумотларни сув қилиб ичиб юборган эди. Бола билан сайрга чиққанда меланхолик ота нотаниш инсонлар билан гаплашиш у ёқда турсин, умуман одамлардан йироқда юради. Аммо оиласига жуда содиқ. Меланхолик ота ўзига ниҳоятда паст баҳо беради. Ўз-ўзини таҳлил қилиш ва камчиликлари ҳақида қайта-қайта фикрлаш унга хос. Устига-устак кимдир уни танқид қилиб қўйса, тамом, ўзини буткул ёмон ота ҳисоблаб, тарвузи қўлтиғидан тушади.

Меланхолик ота раҳбарликни ёмон кўради, аммо ижрочилик бобида унга тенг келадигани йўқ! Ҳар қандай вазифани аъло даражада бажара олади.

 

Шаҳина тайёрлади

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1