Жорий йил 1-чоракда мамлакатдаги ўртача иш ҳақи ўтган йил мос даврига нисбатан 18 фоизга ўсди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси хабар берди.
Статқўм таҳлилига кўра, 2025 йил январь—март ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 5,8 млн сўмга етган.
Ҳудудлар кесимида ўртача иш ҳақининг энг юқори миқдори доимгидек Тошкент шаҳрида — 9,9 млн сўм (йиллик ўсиш 22,7 фоиз). Кейинги ўринда Навоий вилояти қайд этилган — 7,3 млн сўм (йиллик ўсиш 12,6 фоиз). Қолган барча ҳудудлардаги миқдорлар умумий ўртача ойлик иш ҳақидан кам. Кўрсаткичлар қуйидагича:
- Сурхондарё вилоятида — 4,2 млн сўм (йиллик ўсиш 19,1 фоиз);
- Бухоро вилоятида — 4,7 млн сўм (18,5 фоиз);
- Сирдарё вилоятида — 4,6 млн сўм (18,5 фоиз);
- Самарқанд вилоятида — 4,3 млн сўм (17,6 фоиз);
- Жиззах вилоятида — 4,4 млн сўм (17,4 фоиз);
- Андижон вилояти — 4,9 млн сўм (11 фоиз);
- Навоий вилоятида — 7,3 млн сўм (12,6 фоиз);
- Фарғона вилоятида — 4,2 млн сўм (13,7 фоиз);
- Қашқадарё вилоятида — 4,1 млн сўм (13,7 фоиз);
- Хоразм вилоятида — 4,6 млн сўмни (14,3 фоиз);
- Тошкент вилоятида — 5,43 млн сўм (14,3 фоиз);
- Қорақалпоғистонда — 4,7 млн сўм (15 фоиз);
- Наманган вилоятида — 4,3 млн сўм (ўсиш 16,1 фоиз).
Январь—март ойларида ахборот ва алоқа соҳасидаги ўртача иш ҳақи энг юқори суръатда ўсиб (26,8 фоиз), 14,8 млн сўмга етган.
Ойликлар санъат, кўнгил очиш ва дам олиш йўналишларида ҳам сезиларли ўсган (20,2 фоиз) ва ўртача 4,8 млн сўмни ташкил этган.
Доимгидек банк, суғурта, лизинг, кредит ва молиявий воситачилик соҳаларида иш ҳақи миқдорлари бошқа касблардагига нисбатан юқори бўлиб, 15,8 млн сўмдан ошган (йиллик ўсиш 19,8 фоиз).