Ўзбекистонда болаларнинг тиланчиликка жалб этилишига олиб келаётган асосий омиллар — айрим ота-оналарнинг бу ишни ўзларига касб қилиб олгани ва баъзи оилаларда ижтимоий аҳволнинг оғирлиги экани аниқланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Хабарга кўра, олиб борилган таҳлиллар ота-оналарнинг ишсизлиги ҳам болаларнинг тиланчиликка жалб этилишига туртки бўлаётганини кўрсатган.
Шунингдек, кўп ҳолларда тиланчиликка жалб этилган болалар мажбурий умумий ўрта таълимдан четда қолмоқда. Бундай ҳолатларга йўл қўйган ота-оналарга нисбатан амалдаги қонунчилик асосида жавобгарлик чоралари қўлланилгани маълум қилинди.
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳар бир ҳолатни алоҳида ўрганиб, оилаларга манзилли ёрдам кўрсатмоқда. Марказлар нафақат моддий кўмак бериш, балки болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш юзасидан ҳам иш олиб бормоқда”, дейилади хабарда.