АсосийСиёсат

Евроосиёда янги куч маркази пайдо бўлмоқдами?

Янги куч маркази: геосиёсий истиқболлар.

'Евроосиёда янги куч маркази пайдо бўлмоқдами?'ning rasmi

Ўтган ойда Марказий Осиё (МО) ва Кавказ муҳим воқеалар сиёсий майдонига айланди: Қозоғистон ва Тожикистон, шунингдек, Озарбайжон ва Ўзбекистон Евроосиёда янги геосиёсий векторнинг шаклланишига олиб келган иттифоқчилик шартномаларини имзолади. Бу тарихий воқеалар собиқ постсовет ҳудудида улкан ўзгаришларга олиб келадиган муҳим ҳодисалар сифатида баҳоланди.

Мазкур келишувлар мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, қудратли минтақавий коалиция тузилганидан далолат беради. Боку-Душанбе-Тошкент-Остона ўқи нафақат бу давлатларнинг амбицияларини акс эттирувчи, балки Евроосиёдаги стратегик мувозанатни ҳам ўзгартирувчи янги куч марказига айланди.

Иттифоқчиликдан мақсад нима?

2024 йил 22 август куни Қозоғистон ва Тожикистон президентлари Қосим-Жомарт Тоқаев ва Имомали Раҳмон савдо-иқтисодий ҳамкорлик, қўшма инфратузилма лойиҳалари ва мудофаа ташаббуслари каби кенг кўламли масалаларни ўз ичига олган иттифоқ шартномасини имзоладилар. 2024 йил 23 август куни Озарбайжон ва Ўзбекистон президентлари Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш ва сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли битимни имзолаб, худди шундай қадам ташлаган эди.

Иттифоқчилик битимлари минтақавий беқарорликнинг кучайи­ши ва геосиёсий ландшафтнинг ўзгариши фонида мамлакатларнинг ҳамкорликни чуқурлаштириш истагини таъкидлайди. Ушбу келишувларнинг асосий мақсадлари - иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлаш, қўшма транспорт йўлакларини ривожлантириш ва умумий мудофаа сиёсатини яратишдан иборат. Шунингдек, улар ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса-да, аслида янада муҳимроқ мақсадни илгари сурмоқда. Хусусан, янги блок собиқ постсовет ҳудудида ҳам, кенгроқ контекстда ҳам ўз қоидаларини белгилайдиган автоном тизимни яратишни режалаштирган бўлиши мумкин.

Замин аввалдан ҳозирланган

Бир қарашда, эришилган келишувлар — икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашнинг анъанавий усули, оддий дипломатик протокол ва дўстона муҳит ҳамда қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ сценарийларнинг ижроси бўлиб тую­лиши мумкин. Бироқ, МО давлатларининг барча йўналишлар бўйича интеграцияси учун зарур омиллар етилиб қолган эди. Хусусан, 2016 йилда Ўзбекистон ҳокимияти тепасига Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг келиши, унинг ички ва ташқи сиёсатга катта ислоҳотларга бел боғлагани, қўшни давлатлар билан алоқаларни соғломлаштириш ва мустаҳкамлашга устувор вазифа сифатида қарагани муҳим туртки бўлди.

Бундан ташқари, МО давлатлари собиқ СССР таркибида ягона энергетик ва ирригацион тизимга бирлаштирилган эди. Совет Иттифоқи парчалангач, табиийки бу ришталар узилди ва ҳар бир янги мустақил давлат раҳбарларининг шахсий иродаси ва амбицияларига мос равишда қайта тизим яратишга уринишлар кузатилди. Аммо ўтган давр бу тизимнинг мукаммалликдан узоқлигини фош қилди. Ҳозир бошланган саъй-ҳаракатлар ана шу тизимни такомиллаштиришга қаратилган, десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек, дунёнинг қудратли давлатлари МОни ўз геосиёсий манфаатлари доирасидаги ҳудуд сифатида қарашмоқда ва бу қарашлар тобора бир-бирига зид келмоқда. Бундай шароитда бирдамлик ва ҳамкорлик МО давлатлари учун энг мақбул йўл.

Шу билан бирга, МО давлатлари учун умумий таҳдидлар – Афғонис­тон муаммоси, терроризм, сеператизм, наркобизнес ва одам савдоси каби глобал хавфлар мавжуд ва уларга қарши самарали кураш ҳам ҳаракатларни мувофиқлаштиришни талаб этади.

Ҳамкорликнинг иқтисодий жиҳатлари

Айни пайтда эса иттифоқчилик шартномаларининг асосий таркибий қисми - иқтисодий ҳамкорлик билан боғлиқ. Қозоғистон ва Тожикистон қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва гидроэнергетика соҳаларига ўзаро инвестициялар ҳажмини кенгайтириб, 2026 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд. долларга етказишни мақсад қилган. Қозоғистон МОнинг энг йирик иқтисодиёти сифатида ва албатта ўсиб бораётган энергия эҳтиёжларини қондириш учун Тожикистон энергетика инфратузилмасига сармоя киритишни режалаштирмоқда.

Жумладан, президент Тоқаев: “Биз икки мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган янги энергетика лойиҳалари устида ҳамкорликда ишлашда катта имкониятларни кўрмоқдамиз”, дея таъкидлаган.

Боку-Тошкент ўқига келсак, Озарбайжон ва Ўзбекистон 2025 йилгача товар айирбошлаш ҳажмини 2 млрд. долларга етказмоқчи. Келишув доирасида Озарбайжон Ўзбекистон инфратузилмасини ривожлантиришга, жумладан, янги транспорт йўлак­ларини қуришга сармоя киритишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон, ўз навбатида, Озарбайжонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва тўқимачилик экспортини оширишни режалаштирмоқда. Озарбайжон президенти Илҳом ­Алиев айтганидек, мазкур келишувлар натижасида икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги чўққига кўтарилди. Бу келишувлар стратегик шерик­ликни чуқурлаштириш йўлидаги яна бир муҳим қадам ҳисобланади.

Қисқа қилиб айтганда, Европа ва Осиёни боғлашдек глобал миссияни ўз зиммасига олиш ва бундан миллий манфаатлар йўлида фойдаланиш, қолаверса, денгизга чиқишдек асрий орзуларни рўёбга чиқариш истаги ҳам ҳозиргидек ҳамкорликни тақозо қилади.

Янги куч маркази: геосиёсий истиқболлар

Ушбу тўртта давлат ўртасида иттифоқчилик битимларининг тузилиши халқаро таҳлилчиларда кенг резонансга сабаб бўлди. Улар бу воқеани янги минтақавий куч марказининг шаклланиши сифатида баҳолашмоқда. Баъзи сиёсий шарҳловчиларнинг таъкидлашича, бу давлатлар блоки Хитой ва Россия­нинг минтақадаги таъсири кучайиши, шунингдек МО ва Кавказда таъсир ўтказиш учун AҚШ ва Хитой ўртасидаги рақобат кучайиши каби ташқи чақириқларга жавоб ҳисобланади. Бу шунингдек, МО ва Кавказ минтақалари давлатлари ташқи босимларга бардошли қуролли кучларини яратиш зарурлигини англай бошлаганини ҳам англатади.

Экспертларнинг фикрича, Боку-Душанбе-Тошкент-Остона йўналиши минтақавий логистика ва савдони ривожлантириш учун ҳам катта салоҳиятга эга. Эришилган келишувлар Хитойни МО ва Кавказ орқали Европа билан боғлайдиган Транскаспий халқаро транспорт йўналишини кенгайтириш каби йирик инфратузилма лойиҳаларини ишга тушириши мумкин. Бундай истиқбол МО ҳамда Кавказ мамлакатларига Евроосиё савдо йўлидаги муҳим транзит марказларга айланиш имкониятини беради.

Қийинчиликлар ва муаммолар

Бироқ янги келишувларнинг ижобий томонларига қарамас­дан, ўткир муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда. Мазкур иттифоқларнинг муваффақияти мамлакатларнинг ички барқарорлиги, иқтисодий-ижтимоий муаммоларни енгиш қобилиятига боғлиқлигини таъкидлайди. 

Масалан, Тожикистон гидроэнергетик иншоотларни барпо этиш ва барқарор ривожланиш соҳаларида жиддий муаммолар­га дуч келмоқда. Бу эса иқтисо­дий лойиҳаларни амалга оширишни мураккаблаштириши мумкин. Ўзбекистон бурмунча сезиларли иқтисодий ўсишни кўрсатаётган бўлса-да, инвес­тициялар самарадорлигини пасайтириши мумкин бўлган коррупцияга қарши курашни янада кучайтириши талаб этилади.

Кичик, аммо муҳим қадам

Хулоса қилиб айтганда, Боку­ Душанбе-Тошкент-Остона ўқи Евроосиёда янги куч марказини яратишга қаратилган улкан уринишдир. Шу жиҳатдан олиб қара­ганда, мазкур янги тизимнинг эҳтимолий истиқболини қуйидагича прогноз қилиш мумкин:

1. МО давлатларининг энергетика соҳасидаги мустақиллиги мустаҳкамланади. Россияга қарам бўлмаган, Хитой ва Европа каби муқобил бозорлар билан ўзаро алоқада бўлишга қаратилган ягона энергия бозорини яратиши мумкин.

2. Катта эҳтимол билан, ички ва ташқи таҳдидларга қарши туришга қодир ягона мудофаа тизими, ҳатто ҳарбий блоклар тузилиши мумкин.

3. МО давлатлари ўртасидаги иқтисодий интеграция — минта­қанинг асосий савдо йўлларини бошқарадиган ягона бозорни шакллантириш учун шароит яратиб, янги босқичга кўтарилиши мумкин. Бу ташқи “ўйинчи”ларга нисбатан ўз шартларини илгари суриш имконини беради.

Абдуллоҳ Саййид

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар