Юнонистон компаниясига тегишли MV Eternity C yuk кемаси Яман соҳиллари яқинида ҳуситлар томонидан ҳужумга учраб, Қизил денгизда чўкиб кетди. Ҳодиса натижасида камида тўрт киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши оғир тан жароҳати олди. Бу ҳақда “DW Glavnoe” ва “Reuters” агентликлари хабар берди.
Кема бортида 22 нафар денгизчи бўлган: 21 нафари Филиппин фуқароси, яна бири бошқа давлатдан. AFP манбаларига кўра, ҳужумдан сўнг камида беш киши қутқарилган, икки киши жароҳат олган, улардан бири — Россиялик электромеханик, у оёғидан айрилган.
Кема Ҳодейда порт шаҳри яқинида чўкди. Бу ҳудуд айни пайтда ҳусит исёнчилари назорати остида.
Ҳуситлар 2023 йил октябридан бери Қизил денгиздаги савдо кемаларига мунтазам ҳужум уюштириб келмоқда. Бу ҳаракатлар Исроилнинг Ғазо секторига зарбаларини тўхтатишга мажбурлаш учун қилинмоқда.
Ҳуситлар ҳужумининг навбатдаги қурбони — юнон кемаси ва унинг бегуноҳ экипажи бўлди. Бу Қизил денгиздаги хавфсизлик инқирозининг жиддийлашиб бораётганидан далолат беради.