Бугун, 9 июль куни чоп этилган тезкор илмий таҳлилга кўра, Европанинг 12 шаҳридаги жазирама тўлқинлар 2300 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда Лондон Империал коллежи ва Лондон Гигиена ва тропик тиббиёт мактаби тадқиқотига таяниб “Reuters” хабар берди.
Тадқиқот Ғарбий Европанинг катта қисмлари ҳаддан ташқари иссиқликдан азият чеккан 10 кунни қамраб олди, Испанияда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 40 даражадан ошди, Францияда эса ўрмон ёнғинлари авж олди.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, ўша даврда ҳалок бўлган 2300 кишидан 1500 таси иссиқни янада кучайтирган иқлим ўзгариши билан боғлиқ.
Лондон Империал коллежи тадқиқотчиси доктор Бен Кларк бу борада қуйидагича фикр билдирган:
“Иқлим ўзгариши об-ҳавони аввалгидан кўра иссиқроқ қилиб қўйди, бу эса ўз навбатида уни янада хавфли қилади”.
Тадқиқот 12 та шаҳарни, жумладан Барселона, Мадрид, Лондон ва Миланни қамраб олди, олимларнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши иссиқ тўлқинлар пайтида ҳароратни Цельсий бўйича 4 даражага оширган.
Ўлганлар сонини ҳисоблаш учун олимлар тасдиқланган эпидемиологик моделлар ва ўлимнинг тарихий маълумотларидан фойдаланган, улар иссиқлик асосий сабаб бўлган ўлимларни, шу жумладан иссиқлик таъсири мавжуд тиббий шароитларни ёмонлаштирган ҳолатларни акс эттирган.
Олимларнинг таъкидлашича, улар тахминий қурбонлар сонини тезда аниқлаш учун экспертлар томонидан кўриб чиқилган усуллардан фойдаланган, чунки иссиқлик билан боғлиқ ўлимларнинг аксарияти расман қайд этилмаган ва баъзи ҳукуматлар маълумотларни эълон қилмайди.
Ҳисоботда айтилишича, Ғарбий Европа рекорд даражадаги энг иссиқ июнь ойини бошдан кечирди, минтақанинг аксарият қисмида жорий йилда “жуда қаттиқ иссиқлик стресси” кузатилди.
Ўтган ҳафта Парижда америкалик 10 ёшли қизалоқ ота-онаси билан музейда навбатда турган вақтида касал бўлиб қолганди ва ғайритабиий иссиқлик тўлқинлари остида вафот этди.
7 июль куни Греция расмийлари ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиши кутилаётган мамлакат ҳудудларида мажбурий иш танаффусларини жорий қилди.
Айни пайтда Грециянинг Крит оролида ва Туркияда ўрмон ёнғинлари бошланди. Франция жануби ва Каталонияда ҳам ёнғинларга қарши кураш олиб борилмоқда.