АсосийСиёсат

Ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси “оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш” куни деб эълон қилинади

Ҳар йили ички туризм тарғиботини кенгайтиришга 20 миллиард сўм ажратилади.

'Ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси “оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш” куни деб эълон қилинади'ning rasmi

Президент раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўтган йили Мўғулистон билан туризм бўйича катта келишувга эришилгани ҳисобига сайёҳлар 100—200 нафардан 4 мингга ошди. Кўрфаз давлатларида доимий саёҳат қиладиган 3 миллион аҳоли бор. Лекин уларнинг кўпи Озарбайжон, Грузия, Альбания, Хорватия каби визасиз режим бўлган мамлакатларга боряпти.

“Тўғри, бу давлатларга 10 кунлик визасиз режим жорий қилинган. Лекин бу муддат 30 кунга узайтирилса, сайёҳлар 5-6 карра кўпаяди. Бундан ташқари Ҳиндистон, Покистон, Миср ва Эронлик сайёҳларга виза беришни енгиллаштириш мумкин”, деди давлат раҳбари.

Россия ва Хитойнинг ҳудудлари билан манзилли ишлаш йўлга қўйилгани учун инвестиция ва сайёҳлар оқими кескин ошди. Энди бу тажрибани кенгайтириб, Япония, Корея ва Европа давлатлари билан ҳам ташкил қилиш топширилди. Миллий туризм ягона платформасини ишга туширишни тезлаштириш, унда чипта олиш ва электрон виза бериш имкониятларини яратиш вазифаси қўйилди.

Малайзия ва Индонезиядан “Умра плюс” дастури орқали 100 минг зиёратчини жалб қилиш бўйича ишлар бошланган. Мутасаддиларга Куала Лумпур ва Жакартадан Самарқанд, Бухоро орқали Жидда шаҳрига рейс қўйиш бўйича музокараларни жадаллаштириш топширилди.

Сўнгги йилларда ички туризмга эътибор туфайли маҳаллий сайёҳлар сони 23 миллионга етди (2017 йилда 5 миллионта эди). Лекин ҳалигача Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзга бормаган оилалар кўп. Шу боис ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси — “оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш” куни, деб эълон қилинади.

Ёшлар ўртасидаги мусобақа ғолибларига “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” йўлланмасини совға қилиш йўлга қўйилади. Ҳар йили ички туризм тарғиботини кенгайтиришга 20 миллиард сўм ажратилади.

Мутасаддиларга экстремал туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди.

    Бошқа янгиликлар