Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда туризмнинг жадал ривожланиши учун энг катта тўсиқ бу — транспорт эканини айтди.
Президентнинг қайд этилишича, маҳаллий рейсларнинг 95 фоизи “Ҳаво йўллари” ва Silk Avia авиакомпанияларига тўғри келади. Қолган 14 та рейсни 4 та маҳаллий авиакомпания амалга оширяпти. Сабаби, ички рейслар жозибадор эмаслиги учун хусусий компаниялар асосан хорижга қатнаяпти. Ички бозорда рақобат бўлмагани учун, Тошкент—Урганч йўналишида бир ҳафта олдин чипта қолмайди, нархи қиммат.
“Бу ҳолатда хорижий турист у ёқда турсин, маҳаллий сайёҳлар ҳам бошқа давлатга боришни афзал кўради”, деди президент.
Шу муносабат билан мутасаддиларга хусусий компанияларни жалб қилиб, Тошкентдан Урганчга қатновларни икки карра ошириш топширилди.
Барча резидент компанияларга ички рейсларни субсидиялашбўйича қарор ишлаб чиқиб, киритиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, дам олиш кунлари поездлар таркибига қўшимча вагон улаб, йўловчи ташишни 1,5 баробарга кўпайтириштопширилди.
Йиғилишда айтилишича, Урганчга Россия, Туркия, Италия, Испания ва Франциядан авиақатновлар қўйилгани натижа берди. Лекин, рейс йўқлиги учун Германия, Хитой, араб давлатларидан минглаб турист йўқотиляпти. Мутасаддиларга Франкфурт, Урумчи, Пекин, Абу-Дабидан тўғридан-тўғри рейс қўйиш таклифини киритиш, туристик мавсумда Истанбулдан кунлик қатновни йўлга қўйиш топширилди.