Франция, Испания ва Португалия бугун тарихдаги энг йирик электр узилишларидан бирини бошдан кечирди. Франция электр узатиш тармоғи (РТЕ) баъзи ҳудудларда узилиш бўлганини тасдиқлади, бироқ ҳозирда хизмат аста-секин тикланмоқда.
Эвропа Иттифоқи Комиссияси матбуот котиби Паула Пинҳо Х ижтимоий тармоғида вазият бўйича баёнот бериб, Испания ва Португалия ҳукуматлари билан алоқада эканликларини билдирди.
Мадрид мери Хосе Луис Мартинез Алмеида эса пойтахт аҳолисидан уйдан чиқмасликни илтимос қилди. Шаҳар ҳукумати барча йўлларни очиқ сақлашга уринаётган бўлса-да, баъзи автомобиль туннеллари ёпилди. Мер аҳолига фақат ҳақиқий фавқулодда вазиятда тез ёрдам хизматига мурожаат қилишни тавсия этди.
Испанияда поездлар тўхтади, метро бекатлари ёпилди
Испания темир йўллари барча компаниялар фаолиятини вақтинча тўхтатганини эълон қилди. Мадрид метроси эса барча станцияларни ёпишга мажбур бўлди. Шов-шувли узилиш сабабли кўплаб вокзалларга қўшимча хавфсизлик кучлари юборилди.
Электр узатиш компанияси Red Electrica Espanola (РЕЭ) трафо марказларидаги носозликлар айрим ҳудудларда бартараф этилганини билдирди. Endesa компанияси эса Барселона атрофидаги айрим ҳудудларга электр етказиб бериш тиклангани ҳақида хабар берди.
Португалия: Сабаб — киберҳужум бўлиши мумкин
Португалия вазири Мануэл Cастро Алмеида энергия тизимида юзага келган узилишлар эҳтимолий киберҳужум билан боғлиқ эканини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳодиса фақат Португалияни эмас, балки Испания, Франция ва Германияни ҳам зарарга учратган.
Тарих такрорландими?
Бу воқеа 2006 йилдаги йирик электр узилишини эслатди. Ўша пайтда ҳам Европа бўйлаб миллионлаб одамлар электрсиз қолиб, транспорт тизимлари издан чиққан эди.
Эвропа Кенгаши ўшанда узилишларнинг сабабини етарли хавфсизлик чоралари кўрилмагани, техник тайёргарлик пастлиги ва тармоқлараро мувофиқлик йўқлиги билан изоҳлаган эди.
Бугунги ҳодиса эса, Эвропа энергетика тизими ҳали ҳам заиф эканини яна бир бор кўрсатди.