Тошкент шаҳри ва Фарғона шаҳрида фуқароларни “Умра” зиёратига юбориш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Тошкент шаҳрида 1981 йилда туғилган шахс тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда, ўзини “Умра” зиёратини ташкил этишга рухсат берилган турфирманинг вакили сифатида таништирган. У уч нафар фуқарони Саудия Арабистонига “Умра” сафарига юбориш ва зиёрат давомида барча маросимларни бажаришларини таъминлаш эвазига жами 3450 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур шахс 3400 АҚШ доллари ва 600 минг сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунга ўхшаш ҳолат Фарғона шаҳрида ҳам қайд этилган. 1998 йилда туғилган шахс танишлари орқали тўрт нафар фуқарони “Умра” зиёратига юборишни ваъда қилиб, бунинг эвазига жами 4200 АҚШ доллари талаб қилган.
У сўралган пул маблағини олган вақтида ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган.






