"Дунё" ахборот агентлиги хабар беришича, 22 август куни Қизилўрда шаҳри орқали ўтувчи Шимкент—Самара автомобиль йўлининг Ақсай ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Оқибатда уч нафар Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида ҳалок бўлган.
Маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг дастлабки маълумотларига кўра, ҳодиса ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши оқибатида юк автомобили билан тўқнашув содир бўлгани натижасида юз берган бўлиши мумкин.
Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси Миграция агентлиги билан ҳамкорликда ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини ватанга қайтариш чораларини кўрган.
Зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уч нафар фуқаронинг жасади доимий яшаш жойи — Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига етказилган.






