АсосийДУНË

Мустақиллик байрами арафасида 163 та янги объект ишга туширилди

Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

'Мустақиллик байрами арафасида 163 та янги объект ишга туширилди'ning rasmi

25 август куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида янги объектларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидланишича, умумий қиймати қарийб 50 триллион сўм бўлган мазкур лойиҳалар доирасида 15 мингта янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, улар ҳисобига давлат бюджетига йилига қўшимча 1 триллион сўм тушум тушиши кутилмоқда.

Ишга туширилган инвестиция лойиҳалари энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, металлургия, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш материаллари, тоғ-кон, тўқимачилик ва енгил саноат каби соҳаларни қамраб олган.

Жумладан, Сирдарё вилоятида 1 573 мегаватт қувватга эга электр энергияси ишлаб чиқариш объекти, Қорақалпоғистон Республикасида 200 мегаваттли шамол электр станцияси ҳамда 100 мегаваттли энергия сақлаш тизими ишга туширилди.

Ижтимоий соҳада эса 36 та болалар боғчаси, 43 та мактаб, 7 та олий таълим муассасаси ва 3 та шифохона фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, Янги Тошкент ҳудудида 10 гектар майдонда барпо этилган Янги Ўзбекистон университетининг янги мажмуаси иш бошлади. Бу ерда 7 минг нафар талаба таҳсил олиши учун шароит яратилган.

Қарши шаҳрида 400 миллиард сўмлик Иқтисодиёт ва педагогика университетининг янги бино ва иншоотлари, шунингдек, 30 минг квадрат метр майдонга эга беш қаватли Миллий кутубхона ҳам фойдаланишга топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев янги объектларни барпо этишда иштирок этган инвесторлар, тадбиркорлар, қурувчилар, муҳандис ва лойиҳачилар меҳнатини юқори баҳолади.

Маросим якунида давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, 72 та йирик инвестиция лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий соҳа объектини фойдаланишга топширишга старт берди.

    Бошқа янгиликлар

    Мустақиллик байрами арафасида 163 та янги объект ишга туширилди - Darakchi.uz