Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси — Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Қосималиев Қурилиш, архитектура ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Нурдан Орунтаевга ҳайфсан эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Вазирлар Маҳкамаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, интизомий жазо вазир зиммасига юклатилган меҳнат вазифаларини лозим даражада бажармагани учун қўлланган. Бироқ расмий хабарда ҳайфсаннинг аниқ сабаблари кўрсатилмаган.
Мазкур қарор ижтимоий тармоқларда Қирғизистоннинг Талас вилоятида юз берган жанжал ҳақидаги хабарлар тарқалганидан бир неча кун ўтиб қабул қилинди.
22 август куни Талас вилоятидаги “Манас Ордо” мажмуасида қурилиш ишлари вақтида можаро содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда ушбу воқеага Нурдан Орунтаев ҳамда Талас вилоятидаги президентнинг ваколатли вакили Эрмат Жумаев алоқадор экани айтилган.
Кейинроқ воқеа акс этган видеолар тарқалди. Унда Орунтаев жанжал иштирокчилари ўртасидаги можарони ажратишга урингани кўринади. Талас вилояти Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, ҳолат юзасидан текширув бошланган. Жанжал иштирокчилари эса бир-бирига нисбатан даъволари йўқлигини билдирган.
Шу билан бирга, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг Орунтаевга берилган ҳайфсан айнан ушбу жанжал билан боғлиқ экани ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмаган.






