Сафардан асосий мақсад — АҚШ ва Эрон ўртасидаги дипломатик мулоқотни қайта тиклаш ҳамда Ҳурмуз бўғозидаги кескинликни юмшатиш.
Қатар АҚШнинг Форс кўрфазидаги иттифоқчиси ва Эроннинг қўшниси сифатида уруш бошланганидан буён икки томон ўртасидаги яширин дипломатик каналлардан бири бўлиб келмоқда. Мамлакат июнь ойида жангларни вақтинча тўхтатишга олиб келган келишувга эришишда ҳам муҳим роль ўйнаган.
Ташриф уруш олтинчи ойга яқинлашган, аммо дипломатик келишув бўйича сезиларли натижа кузатилмаётган бир пайтда амалга оширилмоқда. Жанглар асосан тўхтаган бўлса-да, томонлар жаҳон нефть таъминоти учун стратегик аҳамиятга эга Ҳурмуз бўғозида ҳаракатланиш тартиби бўйича ҳали келиша олгани йўқ.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоийнинг айтишича, Шайх Муҳаммад Теҳронда Қатарнинг воситачилик саъй-ҳаракатларини давом эттириш ва минтақадаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилади. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги эса музокараларда Ҳурмуз бўғозида эркин ҳаракатланишни тиклаш ва 28 февралгача бўлган ҳолатга қайтиш масалалари ҳам кўтарилишини билдирган.
Урушдан олдин Ҳурмуз бўғози орқали жаҳондаги нефть таъминотининг қарийб бешдан бир қисми ўтар эди. Бироқ можаро бошланганидан сўнг бу йўналишдаги нефть оқими кескин камайган. 24 август куни бўғоз орқали кунига тахминан 5 миллион баррел нефть ўтган, урушдан олдин эса бу кўрсаткич қарийб 20 миллион баррелни ташкил этган.
26 август куни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Эрон ва Уммон Ҳурмуз бўғози сувларини ҳамда ундан олинадиган даромадларни тақсимлаш бўйича келишувга эришганини маълум қилди. Бироқ Эроннинг юқори мартабали амалдори келишув ҳали якунига етмагани ва унинг тафсилотлари бўйича музокаралар давом этаётганини айтди.
Теҳрон Ҳурмуз бўғози устидан назоратни музокараларда босим воситаси сифатида сақлаб келмоқда. Эрон томони айрим кемалардан ўтиш учун тўлов ундириш масаласини ҳам кўтарган, АҚШ эса бунга қарши чиққан.
Эрон ва Уммон сўнгги ҳафталарда бўғоз орқали кемалар ҳаракатини тиклаш ва назорат қилиш масаласида музокаралар олиб бормоқда. Ҳозирча эса бўғознинг тўлиқ очилиши бўйича якуний келишувга эришилмаган.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Шайх Муҳаммаднинг Теҳрондаги музокараларида Ҳурмуздаги кескинликни пасайтириш ва мулоқотни давом эттириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинишини билдирган.
БМТнинг Халқаро денгиз ташкилоти маълумотларига кўра, 28 февралдан 21 августга қадар Ҳурмуз бўғози ва Яқин Шарқда 68 та тасдиқланган ҳодиса қайд этилган. Уларда 19 нафар денгизчи ҳалок бўлган.






