Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида новвойхона табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, ундан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди. Ҳолат натижасида қарийб 500 миллион сўмлик табиий газ қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ хабар берди.
Маълум қилинишича, “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, шаҳар газ таъминоти бўлими ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида Қўқон шаҳрида назорат тадбири ўтказган.
Текширувда шаҳарнинг “Зиёлилар” маҳалласида жойлашган новвойхона лойиҳа-техник ҳужжатларсиз табиий газ тармоғига ноқонуний улангани ва газдан фойдаланиб келаётгани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, 496 миллион сўмлик табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.






