АсосийЖАМИЯТ

РАСМАН! Энди педофиллар умрбодга қамалади

Сенат педофилларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

'РАСМАН! Энди педофиллар умрбодга қамалади'ning rasmi

Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди.

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Меҳнат кодексларига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилмоқда.

Бундай жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш ва ҳукмни ижро этишнинг муддати ўтиб кетганлиги қўлланилмайди.

Шунингдек, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қўллаш ҳамда муддатидан илгари шартли озод қилиш тақиқланади.

Зўравонликдан жабрланган болаларни қайта руҳий жароҳатланишдан ҳимоя қилиш мақсадида уларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзувга қайд этиш белгиланмоқда.

Жабрланувчи бола ва айбланувчи ўртасидаги юзлаштириш фақат суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарори ёхуд суд ажрими асосида ўтказилади.

Бундан ташқари, болага процессуал жараённинг дастлабки босқичиданоқ давлат ҳисобидан бепул адвокат ажратиш тизими жорий этилади.

Таълим ва тарбия муассасалари ходимлари томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилган ҳолларда улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ҳам ҳуқуқий асос яратилади.

Шунингдек, ота-оналарнинг болаларга етарлича ғамхўрлик қилмаслиги, шаҳвоний шилқимлик, никоҳ ёшини бузиш ҳамда болаларни соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади.

Муҳокама якунида Сенат аъзолари қонунни маъқуллади.

    Бошқа янгиликлар

    РАСМАН! Энди педофиллар умрбодга қамалади - Darakchi.uz