Тошкент шаҳрида профессионал трейдер Рухшона Анваржонованинг номи ва суратларидан фойдаланиб, фуқароларга пулларини кўпайтириб беришни ваъда қилган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди. Гуруҳ аъзолари 83 нафар фуқаронинг қарийб 986,7 миллион сўмини ўзлаштирган. Бу ҳақда Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, жиноятчилар 2023 йил 3 январдан 10 августга қадар Telegram мессенжерида трейдер Рухшона Анваржонова номидан сохта аккаунтлар очиб, унинг шахсий маълумотларидан фойдаланган ҳолда пулларни кўпайтириб бериш ҳақида ёлғон эълонлар жойлаштирган. Ваъдаларга ишонган фуқаролар пулларини гуруҳ аъзоларига тегишли банк карталарига ўтказган. Кейинчалик маблағлар нақдлаштирилиб, иштирокчилар ўртасида тақсимланган.
Тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида гуруҳ жорий йил апрель ойидан бошлаб Тошкентнинг Юнусобод ва Миробод туманларида яширин офислар ташкил этгани аниқланган. Шунингдек, жиноят изларини яшириш мақсадида 24 июлдан 24 августга қадар Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида туриб ҳам фаолият юритган.
Фирибгарликда Telegram ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги “Official Ruhshona”, “Ruhshona Forex”, “RST Trading 1”, “Ruhshona Invest 1”, “Ruhshona FX”, “Sarvarjon Po‘latovich” каби сохта аккаунтлардан фойдаланилган.
Юнусобод ва Миробод туманларидаги яширин офисларда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гуруҳ аъзолари қўлга олинган. Улардан 2 та компьютер, 18 та банк пластик картаси ва 16 та телефон ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 141-2-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ҳамда 168-моддаси 4-қисми «а», «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. 10 нафар айбланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Бундан ташқари, жиноий даромадлар ҳисобига олингани айтилган Malibu-2, Onix ва Equinox русумли автомобиллар жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






