Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Иорданияга амалга ошираётган давлат ташрифи давомида набираси Шавкатбекка мактуб ёзди. Унда Президент нега тез-тез узоқ сафарларга чиқиши, бунинг ортида қандай мақсадлар борлиги ва мамлакат келажаги учун ёшларнинг ўрни ҳақида фикр билдирган.
Президент мактубини набирасига самимий мурожаат билан бошлаган. У эрталаб хайрлашаётган пайтда Шавкатбекнинг "Нега Сиз доим узоқ сафарларга кетасиз?" деган саволига шошилгани сабабли тўлиқ жавоб бера олмаганини ёзган.
"Тақдир зиммамга шундай вазифа юклаганки, мен нафақат сенинг, балки сенга ўхшаган миллионлаб Ўзбекистон фарзандларининг келажаги ҳақида ҳам ўйлашим, қайғуришим керак", дейди Президент.
Унинг таъкидлашича, қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар, халқ оғирини енгил қилиш ва мамлакат тараққиётига хизмат қилишни ҳаётининг асосий мақсади деб билган.
Мактубда Президент ўз болалик йилларини ҳам эслаган. У набираси ёшида пахта далаларида меҳнат қилгани, ёзнинг жазирамасида ғўза чопиб, қишнинг совуғида пахта терганини баён этган.
"Бундай азобларни сизларга, халқимнинг барча фарзандларига асло раво кўрмайман. Шунинг учун Президент бўлганимдан сўнг биринчи галда болаларни пахта далаларидан мактабга қайтардим", деб ёзган у.
Шунингдек, мактубда замонавий боғча ва мактаблар қуриш, сифатли дарсликлар яратиш, билимли ўқитувчилар тайёрлаш ҳамда ёшларнинг иқтидорини ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилган.
Президент набирасига илм олиш, хорижий тилларни ўрганиш, замонавий технологиялар ва сунъий интеллектдан унумли фойдаланиш, бироқ уларга қарам бўлиб қолмасликни тавсия қилган.
"Билим ва тафаккур битмас-туганмас бойликдир", деб таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.
Мактубда вақтнинг қадри, сабр-тоқат, интизом ва муваффақиятсизликлардан хулоса чиқариш ҳақида ҳам насиҳатлар берилган. Президент ҳар қандай қийинчиликка қарамай, олға интилиш муҳимлигини қайд этган.
Шу билан бирга, Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва давлат рамзларини қадрлашга алоҳида урғу берилган.
"Сен ҳам келажакда қайси касб-корни эгаллашингдан қатъи назар, Ватанга наф келтирмоққа, эл корига ярашга интил", деб ёзган Президент.
Мактуб якунида Шавкат Мирзиёев набираси ва унинг тенгдошларига мурожаат қилиб, улар мамлакат келажаги учун масъул авлод эканини таъкидлаган. У Шавкатбек билан тез орада яна кўришиш умидида эканини билдирган.






