АсосийJamiyat

​Ўзбекистонда Ислом Каримовга уюштирилган суиқасд ҳақида китоб чоп этилди

'​Ўзбекистонда Ислом Каримовга уюштирилган суиқасд ҳақида китоб чоп этилди'ning rasmi

25 январь куни Тошкентда ёзувчи Акбар Мирзонинг “Суиқасд” асари тақдимоти бўлиб ўтди.

Бу ҳақда “Sputnik” нашри хабар бермоқда.

Янги китоб Ўзбекистон Биринчи президенти туғилган куни арафасида тақдим қилинмоқда. Китобда Ислом Каримов оғир синовдан мардонавор ўтган давлат раҳбари сифатида тасвирланган. Шунингдек, жиноятчиларни фош қилишда иштирок этган ҳуқуқ-тартибот органларининг тезкор ва аниқ ҳаракатлари ҳақида ҳам ҳикоя қилинган. “Бу асар ёш ва истиқболли ёзувчи Акбар Мирзонинг олдин чоп этилган, Наманган ва Андижон воқеалари акс эттирилган, "Аёзи чўзилган баҳор" ва "Ажал билан юзма-юз" китобларининг давоми бўлиб, у мустақил Ўзбекистон босиб ўтган мураккаб йўлни тасвирлайди. Асарда Ўзбекистон Биринчи президенти фаолияти ҳақида бадиий тарзда ҳикоя қилиб берилган”, — деб изоҳ берди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳабиб Темиров.

Эслатиб ўтамиз, 1999 йилнинг Февралида ваҳобий-террорчилари Тошкентнинг 6 жойида портлашлар уюштирган эди. Ўшанда Ўзбекистон раҳбарияти, муҳим давлат бошқарув органлари террорчилар нишонига айланган эди.

Террорчилар Вазирлар Маҳкамаси биносининг “V“ шаклидаги устуни олдида бомба ўрнатилган автомобил портлатиб юборишади. Айнан шу вақтда Вазирлар маҳкамасининг кенгаши ўтказилиши ва унда президент ҳам иштирок этиши режалаштирилган бўлади.

Ўзбекистон Биринчи президенти Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрида, 78 ёшида вафот этди. 30 январ Ислом Каримов туғилган куни. Айни дамда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ушбу кунни муносиб кутиб олиш учун тайёргарлик кўрилмоқда.

Бошқа янгиликлар