Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 27 январь куни Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мамлакатимизнинг изчил тараққиёти Хоразм вилоятида ҳам улкан ўзгаришларга замин яратди. Шаҳару туманларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, истиқболли инвестициявий лойиҳалар амалга оширилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 22 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида 308 миллион доллардан ортиқ инвестиция ҳисобидан 432 саноат корхонаси ташкил этилди.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил 11 ноябрь куни Шовот туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Хоразм вилояти иқтисодиётини ҳам модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тиббиёт, туризм, санъат ва бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга оид аниқ режаларни баён этган эди.
Давлатимиз раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифи ана шу режалар қандай амалга оширилаётгани билан танишиш, ҳудуд тараққиётини янги босқичга кўтариш масалаларига бағишланди.
Президентимизнинг вилоятга ташрифи Хивадаги Ичан-қалъа мажмуасидан бошланди.
Музей-қўриқхона – Ичан-қалъа мажмуаси халқимиз тарихи, маданияти, илм-фани, қадимий меъморлик ва ҳунармандлик анъаналарини мужассам этган. Инсониятнинг бебаҳо бойлиги сифатида ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган. Музей фондида 38 минг 561 экспонат бор. 2016 йилда Ичан-қалъага 75 мингга яқин киши, жумладан, 84 мамлакатдан 34 минг сайёҳ келган.
Хоразмда бундай тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар жуда кўп. Улар замон талаблари асосида таъмирланиб, сайёҳлар учун зарур шароитлар яратилаётгани натижасида вилоятда туризм изчил ривожланиб бораётир. 2016 йилда хорижлик сайёҳларга кўрсатилган хизматлар экспорти 2013 йилга нисбатан 20 фоиз ошган.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада янада кенг имкониятлар яратди.