Яқин келажакда бизни ҳайратлантира оладиган технология олами янгиликлари билан танишинг.
Янги авлод ноутбуки: унда футбол ўйинини кўришади
Лас-Вегасда ўтказилган CES2017 кўргазмасида Американинг машҳур компанияларидан бири бўлмиш RAZER компанияси ўзининг уч экранли ноутбукини намойиш этди...
Кўргазма иштирокчиларининг таькидлашича, янги авлод ноутбуки учта 17 дюмли экрандан иборат бўлиб, вазни бор йўғи 5 килограммни ташкил этади. Ҳар бир экран IGZO технологияси асосида яратилган ва қалинлиги 4-х мм. Буни ақлга сиғмас ихтиро деб айтишмоқда. Тасвирлар NVIDIA G-Sinx технологияси ёрдамида синхронизация қилинади. Янги авлод ноутбуки паст профилли механик клавиатура, NVIDIA GeForce GTX 1080 график картага асосланувчи 8 ГБ ҳажмдаги видео хотира, 32 ГБ оператив хотира, шунингдек совутиш тизими билан жиҳозланган. Ушбу ноутбукни биринчи авлодининг нархи 3700 доллар, иккинчи авлодининг нархи эса 6000 доллар деб баҳоланмоқда. Кўргазма иштирокчиларининг деярли барчаси бу ноутбукда футбол ўйинини кўриш истагини билдиришган. RAZER компанияси ходимлари янги авлод ноутбукини биринчи ва иккинчи авлоди яқин кунларда сотувга чиқишини таькидлашмоқда.
БОШИНГИЗ ОҒРИСА, ГАДЖЕТ ТАРОҚ ЁРДАМГА КЕЛАДИ
Лас-Вегасда ўтказилган CES2017 кўргазмасида Nokia ҳамда L'Oreal компанияларининг узоқ муддатли саъй-ҳаракатлари натижасида яратилган “Ақлли тароқ” деб номланувчи ғайриоддий гаджет намойиш этилди.
Иштирокчиларнинг бу нима учун керак, деган саволига Nokia ҳамда L'Oreal компаниялари шундай жавоб беришди:
“Мазкур гаджетни оддий тароқ деб ўйламанг, бу ақлли, мия тўқималарини ва бош билан боғлиқ турли касалликларни олдини олувчи ақлли тароқ. Мазкур гаджет сизнинг мобил қурилмангизга уланган ҳолда бош мия ҳамда сочлар мустаҳкамлиги ҳақидаги маълумотларни бериб боради. “Ақлли тароқ” бош оғриғи вақтида қўллаш учун ҳаракатланувчи майин тишлари билан бошингизни массаж қилиш хусусиятига эга. Тароқнинг ҳар бир тишига сенсорлар ўрнатилган бўлиб, соч ҳолати ва мия тўқималаридаги ўзгаришлардан сизни бохабар қилиб, агар ўзгариш сезилса, сизга вужудга келаётган муаммони бартараф этишда маслаҳатлар бериб туради”.
Ақлли тароқ” яқин кунларда сотувга чиқиши кўзда тутилган. Унинг нархи ҳали эълон қилинмади, лекин компаниялар унинг нархи ҳамёнбоп бўлишини таькидлашмоқда.
ЯҚИН КЕЛАЖАКНИНГ БУЮК ИХТИРОСИ: ЭНДИ ҲЕЧ НАРСАНИ УНУТМАЙМИЗ
Ҳаётимизда юз берадиган ҳаяжонли дақиқалар, хурсандчиликлар ва умрнинг энг мазмунли дамларини ёдда сақлаб, уларни эслаганда вақт қанчалик тез ва шиддат билан ўтаётганига амин бўламиз. Аммо баъзан шу умрнинг энг мазмунли дамлари ёдимиздан кўтарилади ва у вақтларни қанчалик уринмайлик, эслай олмаймиз...
Жанубий Калифорния университети биотиббиётшунослик муҳандиси Теодор Бергер инсонларга хотирани тиклашда ёрдамлашувчи ажойиб ихтирони яратди. Унинг ихтироси барчани ўзига тортди. Кичик қурилма яхши эшита олмайдиганлар тақадиган “эшитиш мосламаси”ни эсга солади: уни қулоқнинг орқасига жойлаштирилса бас. Мазкур қурилма омма эътиборига ҳавола қилишдан олдин сичқон ва маймунларда синовдан ўтказилди ва ажойиб натижага эришилди. Бергер ўз ихтироси ҳақида шундай дейди:
- Миямиздаги кичик нервнинг иш уйғунлигини ва нейронлар орқали уларни фаоллаштириш билан ёдимиздан чиққан воқеаларни аста-аста эслашимиз мумкин. Масалан, хонангиз калитини қаерга қўйганингизни эслай олмаяпсиз ва билингки, калитни қаерга қўйганингиз нофаол ҳолатга ўтган. Шу пайтда сиз эслашга ҳаракат қиласиз ва мазкур қурилмага эҳтиёж сезасиз.
Бундан ташқари бу қурилма хотирасини йўқотган одамларга хотираларини тиклашда жуда катта ёрдам беради. Бу ихтиро яқин келажакнинг буюк ихтироси деб аталмоқда. Бергернинг ихтироси янада такомиллаштириш жараёнида эканлиги айтилмоқда ва унинг қачон сотувга чиқиши ҳали эълон қилинмади.
Хумоюн Турсунов
Наманган давлат университети талабаси