Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида мамлакат бўйича ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6 миллион 166 минг сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,2 фоизга кўп.
Энг юқори ўсиш анъанавий тарзда Тошкент шаҳрида қайд этилди — пойтахтда ўртача ойлик маош 10 миллион 379 минг сўмга етган. Бу ўтган йилга қараганда қарийб 19 фоиз юқори кўрсаткичдир.
Ҳудудларда ҳам сезиларли ижобий динамика кузатилмоқда. Самарқандда ўртача иш ҳақи 4,8 миллион сўм, Наманганда 4,5 миллион сўм, Сирдарёда 4,9 миллион сўм, Фарғонада эса 4,5 миллион сўм атрофида шаклланган. Барча вилоятларда ўсиш суръатлари 19–25 фоиз оралиғида.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлилга кўра, энг катта ўсиш кўнгилочар ва дам олиш соҳасида қайд этилди — бу йўналишдаги ўртача маош 22,8 фоизга ошиб, 5 миллион сўмни ташкил этди. Таълим соҳасида ўсиш 19,8 фоиз, транспорт ва логистика йўналишида эса 16,7 фоиз бўлди.
Ахборот ва алоқа соҳаси энг юқори кўрсаткични қайд этди — бу йўналишда ўртача ойлик иш ҳақи 14,9 миллион сўмга етган. Банк, суғурта ва кредит соҳаларида эса рекорд даража — 16,8 миллион сўм маош кузатилди.






