АсосийSalomatlik

​Гидротерапиянинг мўъжизавий кучи

'​Гидротерапиянинг мўъжизавий кучи'ning rasmi

Сувли муолажа қадим замонлардан бери шифо топиш, ёшариш усули ҳисобланади. Тиббиётда у гидротерапия деб номланган. Мазкур усул организмни тиклаш, касалликларнинг олдини олиш, даволаш ёки шунчаки ҳордиқ чиқариш мақсадида қўлланади. Гидротерапия сувга чайиниш, нам сочиқ билан артиниш, иссиқ ёки совуқ ванна, душ қабул қилиш каби муолажаларни ўз ичига олади.

Қандай турлари бор

Гидротерапия физиотерапиянинг бир қисми ҳисобланади. Бу муолажалар оддийлиги, ҳаммабоплиги ва қулайлиги билан ажралиб туради. Унинг бир қанча турлари мавжуд.

Душ. Бу муолажада танага маълум бир ҳарорат ва куч билан турли оқим ёрдамида таъсир ўтказилади. Душнинг физиологик таъсири сувнинг таъсир қилиш муддати, сув босими ҳамда ҳароратига бојлиқ. Душнинг ёмјир, чанг, циркуляр, шотланд, игнасимон, Шарко души ва ҳоказо турлари мавжуд.

Гидромассажли ванна (жакузи). Ушбу муолажа умумий (беморнинг фақатгина боши сувдан чиқиб туради) ҳамда маҳаллий (баъзи аъзоларгина сув остида бўлади) турларга ажратилади. Гидротерапия танага ҳарорат ва махсус титроқ усули орқали таъсир этади.

Гидрокинезотерапия — сузиш ва сувда бажариладиган даволовчи гимнастика.

Термал сувли муолажа. Бунга ҳарорати 37-42 даражали ерости сувлари ёрдамида даволаниш киради.

Бальнеотерапия. Минераль сувлар ёрдамида даволаниш.

Сув қуйиш. Бу чиниқтирувчи муолажада организмга қисқа муддат ичида совуқ ҳарорат таъсир этади.

Саунада парланиш. Бунда организмга иссиқ ҳарорат билан таъсир ўтказилади.

Қон айланиши яхшиланади

Организмга иссиқлик билан таъсир этиш моддалар алмашинувини яхшилаб, қон айланишини жадаллаштиради, меъдаости бези секрецияси фаолиятини кучайтиради. Илиқ ёки иссиқ сув тинчлантирувчи ҳамда ојриқ қолдирувчи, мушаклар тонусини камайтирувчи, эндокрин тизим ишини яхшиловчи, иммунитетни мустаҳкамловчи хусусиятга эга.

Совуқ сувли муолажалар эса қон томирларининг ҳолатини ўзгартиради: аввалига улар тораяди, кейин эса кенгаяди. Натижада қон айланиши яхшиланади. Совуқ ҳарорат таъсирида адреналин ва тироксин гормонлари кўп ишлаб чиқилади. Бу гормонлар организмнинг тозаланиши ва мустаҳкамланишига ёрдам беради.

Контраст, яъни ҳароратнинг галма-гал ўзгариши билан ўтказиладиган муолажа қоннинг микроциркуляциясини яхшилаб, қон босимини меъёрлаштиради, юрак фаолияти ва моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади.

Сувли муолажаларга қўшимча тарзда турли доривор ўсимликлар дамламаси билан даво самараси янада кучаяди.

Кимларга тавсия этилади?

Гидротерапия соғлом кишиларга ҳам, беморларга ҳам (касалликка кўра) тавсия этилади. У чиниқиш, тана чарчоғини ёзиш, уйқу бузилишига қарши қўлланиши мумкин. Умуман олганда, гидротерапия қуйидаги хасталикларда қўлланади:

  • юрак ишемик касалликлари;
  • гипертония;
  • нейроциркуляр дистония;
  • вена, периферик артериялар хасталиги;
  • суяк-мушактизими касалликлари;
  • овқат ҳазм қилиш тизими бузилиши;
  • ўпканинг сурункали касалликлари;
  • тери касалликлари;
  • ҳайз цикли бузилиши;
  • оёқ-қўллар шиши;
  • бавосир;
  • целлюлит;
  • мигрень;
  • уйқусизлик, турли неврозлар ҳамда стресслар.

Ҳар қандай муолажалар сингари гидротерапияни ҳам шифокор тайинлайди.

Мумкин эмас!

Гидротерапия:

  • коронар ҳамда мия қон айланишининг бузилиши;
  • сурункали тромбофлебит;
  • 3-босқичдаги гипертония;
  • яллиғланиш касалликларининг авж олган даврида;
  • стенокардиянинг оғир кўриниши билан касалланган беморларга тавсия этилмайди.

Шунингдек, инсульт, миокард инфарктини бошдан кечирган ҳамда диабет ва атеросклероз билан касалланган кишилар, ҳомиладор аёллар сувли муолажалардан аввал мутахассис билан маслаҳатлашишлари зарур.

Олий тоифали терапевт–шифокор

Нодира ҲАМРОЕВА тавсиялари асосида Камола БОШБЕКОВА тайёрлади

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар