Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди ҳамда мазкур улкан мажмуа қурилиши бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Изчил тараққий этиб, улкан мегаполисга айланаётган Тошкент шаҳрига дунёнинг турли минтақаларидан сайёҳлару тадбиркорлар, инвестору давлат арбобларининг ташрифи кўпайиб бормоқда. Аниқ рақамларда айтадиган бўлсак, Ўзбекистон дунёга кенг очилганидан сўнг хорижий сайёҳлар сони 3 миллиондан 10 миллионга ошди. 2030 йилга бориб, 15 миллионга етади.
Яхши қўшничилик алоқаларининг тиклангани, чегараларнинг очилгани натижасида одамлар учун минтақамиз бўйлаб бемалол ҳаракат қилиш имконияти яратилган.
Давлат раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Янги Тошкент шаҳри ҳам қулай жойлашуви, инвестицион жозибадорлиги, яшаш учун барча шарт-шароитларга эгалиги боис, ғоят гавжум масканлардан бири бўлиши кутилмоқда.
Шунга мувофиқ, транспорт инфратузилмасининг барча йўналишлари мутаносиб ривожлантирилмоқда. Айниқса, авиация соҳасида янги экотизимни шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, ҳудудлардаги 7 та халқаро аэропорт замон талаблари асосида реконструкция қилиняпти.
Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Шаҳрисабз, Сариосиё, Сўх туманларида янги аэропортлар барпо этилиб, уларнинг сони 18 тага етказилган.
Энг муҳими, соҳада рақобат муҳити яратилгани сабабли 15 та янги авиакомпания пайдо бўлди. Уларнинг авиапаркидаги ҳаво кемалари сони 26 тадан 105 тага етган.
Ҳозирда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Россия, Полша каби давлатларнинг 51 та авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.
Давлат раҳбари ўз нутқида келгусида ҳам транспорт инфратузилмаси жадал ривожлантирилишини таъкидланди.
Жумладан, келгуси беш йилда авиапаркдаги ҳаво кемалари 180 тага, йўналишлар 230 тага, маҳаллий ва халқаро авиақатновлар сони эса йилига 200 мингга етказилади. Аэропорт инфратузилмасини хусусий шериклик асосида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.
“Ушбу ислоҳотларимизнинг пировард натижасида Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз”, – дейди Шавкат Мирзиёев.
Янги халқаро аэропорт қурилиши бунга катта замин бўлиши қайд этилган.
Таҳлилларга кўра сўнгги саккиз йилда пойтахтга авиа йўловчилар оқими 3 карра ошиб, йилига 9 миллионга етди. 2040 йилга бориб, 24 миллиондан ошади. Лекин йилига 11 миллион одамга хизмат кўрсатадиган ҳозирги аэропорт шаҳар ҳудудида жойлашгани учун уни кенгайтиришнинг имконияти йўқ. Шу боис, соҳадаги етакчи хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиниб, Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1 минг 300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт барпо этилмоқда.
Саудия Арабистонининг “Висион Invest”, Япониянинг “Сожитз” ва Кореянинг “Инҳcеон” компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳа 4 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда 2,5 миллиард доллар эвазига аэровокзал ҳамда аэродром қурилади. Бу билан терминаллар орқали йилига 20 миллион нафар йўловчи ва 129 минг тонна юк ўтказиш, соатига 30 та учиш-қўниш операцияларини бажариш, 14 та телескопик траплардан фойдаланиш ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 та ҳаво кемасини сақлаш имконияти яратилади.
Ушбу аэропорт авиация хизматлари сифатини ошириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг талабларига тўлиқ жавоб беради.
Энг илғор аэронавигация ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тизимлари ўрнатилиб, ҳар қандай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш мумкин бўлади.
Яна бир муҳим жиҳати, бу лойиҳа “яшил” стандарт тамойилларига жавоб берадиган минтақадаги биринчи аэропорт бўлади. Терминалларда 46 минг квадрат метрлик “Дутй free” зонаси ташкил этилади.
Янги аэропортни қуриш орқали мултимодал транспорт боғламаси ташкил этилади. Ушбу ҳудуд Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ пуллик автомобиль йўлларига уланади. Бу ерда замонавий темир йўл станцияси қурилиб, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Пойтахт ва Янги Тошкент марказлари шаттл транспорт хизматлари орқали боғланади.
Энг асосийси, янги аэропорт иқтисодий жиҳатдан ҳам давлат учун жозибадор бўлиб, бу лойиҳа мамлакатимизга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради. Юртимизда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, туризм соҳаларининг янада ривожланишига, янги иш ўринларининг очилишига ҳисса қўшади.
Давлат раҳбари тадбирда иштирок этаётган хорижий ҳамкорлар, молия ташкилотлари, туристик компаниялар вакилларига миннатдорлик изҳор этди. Янги аэропортнинг барпо қилинишида қатнашадиган барча мутахассислар, муҳандислар ва қурилиш жамоасига юксак ишонч билдирган.
Президент Шавкат Мирзиёев янги Тошкент халқаро аэропорти пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берган.