АсосийJamiyat

Қашқадарёдаги мактабда 3 сменада дарс ўтилади. Ўқувчилар кечқурунгача қолиб кетишяпти

'Қашқадарёдаги мактабда 3 сменада дарс ўтилади. Ўқувчилар кечқурунгача қолиб кетишяпти'ning rasmi

Яккабоғ туманидаги 68-мактабда 3 сменада дарс ўтилмоқда. Бу ҳақда 134-Яккабоғ cайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Шахноза Холмахматова «Nasafnews»га хабар берган.

Татар МФЙ ҳудудида жойлашган 68-сонли мактабда Татар МФЙга туташ бўлган Сувлисой МФЙ ва Ҳайдарбулоқ МФЙда яшовчи аҳолининг мактаб ёшидаги фарзандлари ҳам таҳсил олишади. Мазкур мактаб 216 ўринга мўлжалланган бўлсада бугунги кунда таълим даргоҳида 370 нафар бола таҳсил олмоқда.

– Фарзандим қарийб 8 км узоқликдан пиёда мактабга қатнайди, – дейди Сувлисойлик Муродилла Нуриддинов. – Мактабда таҳсил олаётган ўқувчилар сони кўплиги боисидан ўқув даргоҳида 3 сменада дарс ўтилади. Шу боис, 3 сменада ўқувчи болаларга кечки соат 19:00да жавоб берилади, 8 км масофа ва бир ярим соат вақт кетишини ҳисобга олсак, лой кечиб фарзандим соат 20:30да уйга келмоқда.

Мактабнинг шарт-шароити билан танишган номзоднинг айтишича, мактабда озодалик хукмрон, боғ-роғлар тартибга келтирилган.

– Мактабимиздан ҳар йили ўнга яқин болалар олий таълим муассасалари талабаларига айланишмоқда, -дейди 68-сонли мактаб директори Замира Лутфуллаева. – Барча имкониятлар билан таъминланган мактабимизда қўшимча бино қуриб берилса, ўқувчиларнинг вақтида уйга қайтишлари таъминланган бўлар эди. Ҳаттоки, синфхоналар етишмаётганлигидан эркин тўгаракларни якшанба кунлари ташкил қиляпмиз.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар