1

Эпидемиологик вазият яхшилангани сари чекловларни бекор қиламиз, вазият ёмонлашса, қайта тиклаймиз – Шавкат Мирзиёев

СИЁСАТ 05.05.2020, 21:49
Эпидемиологик вазият яхшилангани сари чекловларни бекор қиламиз, вазият ёмонлашса, қайта тиклаймиз – Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни карантин шароитини янада енгиллаштириш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда эпидемиологик вазият ижобий томонга ўзгаргаётгани боис 22 апрелдан карантин шароити босқичма-босқич юмшатила бошлаган эди. Бу ишларни изчил давом эттириш мақсадида жойлардаги вазият ўрганилди. Ҳар бир тармоқ ва ҳокимликлардан асосланган таклифлар олинди.

Йиғилишда ушбу таклиф ва таҳлиллар асосида бундан буён амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.

Ҳозирда фаолияти тикланган саноат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларига қўшимча равишда хизмат кўрсатиш субъектлари ҳам босқичма-босқич ишга туширилиши белгиланди.  

Жумладан, эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда, санитария талабларини белгилаган ҳолда, ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат бериш кераклиги қайд этилди. Шунингдек, стикерлар бекор қилиниб, шахсий автомобиллардан фойдаланиш мумкин бўлади.

Лекин коронавирус тўла бартараф бўлмагани сабабли, одамлар кўп тўпланадиган объектлар, жумладан, театр, концерт ва спорт заллари, тўйхоналар, жамоат транспорти бўйича чекловлар маълум муддатгача сақланиб қолади.

Республика комиссиясига хизмат кўрсатиш турларини қайси ҳудудларда ва қандай шартлар асосида йўлга қўйишни белгилаш топширилди.

– Эпидемиологик вазият яхшилангани сари чекловларни бекор қилишни давом эттирамиз. Аксинча, вазият ёмонлашса, карантин чораларини қайта тиклаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда карантин чоралари енгиллаштириладиган ҳудудларни белгилаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга ҳар бир туман  ва шаҳарнинг карантин даражасини белгилаш, жойлардаги вазият ўзгаришига қараб, тезкорлик билан карантин даражаларини янгилаб бориш вазифаси қўйилди. 23 апрель куни тасдиқланган пандемия даврида вақтинчалик санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормаларга риоя этиш зарурлиги таъкидланди.

Карантиндан кейин иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлар барқарор фаолият юритиб кетиши учун шароит яратишни ҳозирдан бошлаш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тармоқ раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ва банклар билан бирга 1 июнга қадар корхоналарга кўрсатиладиган ёрдам турлари ва миқдорини аниқлаб, ҳар бир корхона бўйича Инқироздан кейинги манзилли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилди. Ушбу режада корхоналарга айланма маблағлар учун қўшимча кредитлар бериш,  экспорт мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш, томорқа ва иссиқхоналар учун давлат томонидан бериладиган субсидиялар миқдорини оширишга устувор аҳамият берилади. 

Видеоселектор йиғилишида солиқ тушумларини таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. 

Жорий йилнинг январь-апрель ойларида бу борадаги прогноз 102,7 фоизга бажарилган. Бундан буён бюджетга тушумлар сезиларли равишда ортиб бориши қайд этилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам яна бир бор эътибор қаратилиб, аҳолини асосий турдаги маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш,  нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари белгиланди.

Видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар ва ҳокимлар ахборот берди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1