1

Кислород концентраторларининг нархи нега ҳар хил?

HI-TECH 12.08.2020, 21:52
Кислород концентраторларининг нархи нега ҳар хил?

Коронавирус эпидемияси туфайли ҳозирда кислород концентраторлари мавзуси диққат марказига чиқиб олди. Улар ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. ЎзА ушбу тиббий ёрдам мосламалари ҳақида айрим маълумотларни эълон қилди.

Кислород концентраторлари ўзи нима?

Интернет маконида турли нархдаги қурилмаларни етказиб бериш таклиф этилаётган рекламалар жуда кўп. Бунда кўплаб ишлаб чиқарувчиларнинг турли моделларининг техник параметрлари ва имкониятларини аниқлашда ҳатто мутахассислар ҳам қийналади.

Кислородли концентраторнинг ишлаш принципи қуйидагича: у икки цилиндрдан иборат бўлиб, хона ҳавоси цеолит шарчаларидан ташкил топган тўр - "молекуляр ғалвир"дан ўтиб, азот молекулаларини ушлаб қолади, кислород молекулаларини эса ўтказади. Натижада кислород концентратори 95% кислород аралашмасини ишлаб чиқаради.

Энг оммабоп моделларда кислород етказиб бериш тезлиги ўртача дақиқасига 3 литрдан 5 литргача ташкил этади.

Ижро шакли бўйича ускуналар стационар ва кўчма бўлади. Турли моделларнинг нархи бир неча юз доллардан бир неча минг долларгача бўлиши мумкин.

Тиббий кислородли концентраторлар касалхоналарда, санаторий-курорт муассасаларида, реанимобилларда ишлатилади. Бунда аппаратлар мақсадига кўра турлича бўлади: масалан, ўпка ва юрак хасталикларида шошилинч ёрдам кўрсатиш ёки давомли кислород терапияси.

Уйда фойдаланиладиган кислород концентраторларининг самарадорлиги паст бўлади (1 дақиқада 1-3 литр). Бу ихчам, фойдаланишга қулай, замонавий дизайнга эга ускуна.

Ўпкани сунъий шамоллатиш 

Коронавирус пандемияси туфайли оғир ва ўта оғир ҳолатдаги беморлар учун даволаш амалиётида ўпкани сунъий шамоллатиш ёки СИПАП-терапия қўлланилиши ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоғимизга чалинмоқда.

Constant Positive Airway Pressure, CPAP – доимий ижобий босим билан ўпкани сунъий шамоллатиш режими. СИПАП-терапия клиник амалиётга 1981 йилда австралиялик врач профессор Колин Салливан томонидан қўлланилган.

СИПАП-аппарат кичикроқ ўлчамли компрессор бўлиб, у қайишоқ трубка ва герметик бурун ниқоби орқали маълум босим остида нафас йўлларига доимий ҳаво оқимини узатиб туради. Шу тарзда у нафас йўлларининг битиб қолиши ва ҳавони (ва организм учун зарур бўлган кислороднинг) тўсиб қўйилишининг олдини олади. Натижада кислород етишмаслиги туфайли тўсатдан ўлим ҳолати содир бўлиши истисто қилинади ва нормал уйқу таъминланади.

Ҳозирги кунда бозорда кўп сонли ишлаб чиқарувчи фирмаларнинг кислородли концентраторлари ва СИПАПларнинг турли туман моделари мавжуд (БИПАПлар, АвтоСИПАПлар ва бошқа модификациялар). Техник характеристикалар ва мақсадидан келиб чиқиб уларнинг нархлари ҳам анча фарқланади.

Нархлари қандай белгиланади?

Бугунги кунда уй шароитида фойдаланиладиган кислородли концентраторларнинг 200 дан 1000 АҚШ долларигача бўлган моделлари кенг сотилмоқда.

Кислородли концентратор нархига бир неча омиллар таъсир кўрсатади.

Уларнинг энг асосийси – мосламанинг самарадорлиги. Масалан, 1 дақиқада 3 литргача кислород ишлаб чиқарадиган кислородли концентратор 10 литрли кучли агрегатдан анча арзон туради.

Шунингдек оқимнинг кислородга тўйинганлиги каби кўрсаткич ҳам муҳим аҳамиятга эга. Самарадорлиги бир хил бўлсада, тўйинганлик даражаси 85 дан 95% гача фарқ қилиши мумкин. Ишлаб чиқариладиган газ аралашмасида кислород даражаси қанчалик юқори бўлса, мослама шунчалик қиммат туради.

Нархни белгиловчи яна бир шарт – бу мослама ишлаб чиқарилган мамлакат билан боғлиқ. Энг қиммат ускуналар Германия ва АҚШда ишлаб чиқарилади. Хитойда ишлаб чиқарилган маиший кислородли концентраторлар кўпинча сифати бўйича улардан орқада қолмайди, аммо нархи анча арзон.

Нархни шакллантирувчи яна бир омил – бу унинг функционаллиги. Тиббий техника бозорида уй учун мўлжалланган кислородли концентраторларининг турли туман моделлари: энг оддийсидан юқори технологияли турларигача мавжуд. Энг функционал ускуналар нафақат уйда, балки клиник шароитларда ҳам қўлланилиши мумкин. Уларда ИВЛ аппарати, наркоз аппаратлари, неонатал столикларини бевосита улаш имконияти кўзда тутилган.

Кўриниб турибдики, шахсий фойдаланиш учун уйга ускуна сотиб олиш билан тиббий муассасалар учун ускуналар сотиб олиш жараёни тубдан фарқ қилади ва бу тиббиёт ходимларининг қатъий назорати остида амалга оширилади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1