Интернетдаги илк сайт 1990 йил 20 декабрда ишга туширилган.
“Lenta.ru”нинг хабар беришича, интернет сайти дастлаб кенг оммага мўлжалланмаган бўлган. Унинг дастлабки фойдаланувчилари ядровий тадқиқотлар бўйича Европа ташкилоти ходимлари бўлган.
Сайт маъмурияти ўзларининг янги ихтироси моҳиятини олим Тим Бернерс Ли орқали жамоатчиликка тушунтириб берди. Унда маълумотларни тезлик билан алмашиш имконини берувчи World Wide Web (WWW) лойиҳасининг мақсади ва вазифалари ўз аксини топган эди.
Бернерс-Ли 1990 йил 12 ноябрь куни WWW лойиҳасининг расмий вакили сифатида раҳбарият томонидан иш кўриб чиқилиши жараёнида иштирок этган. Олим WWW концепциясини яратишдан ташқари ҳозирги бутунжаҳон “ўргимчак тўри” асосини ташкил этувчи URL идентификатори, HTTP протоколи ва HTML тилини яратишда ҳам ўз ҳиссасини қўшган.
Унинг ҳозирги мақсади интернетни цензурадан халос этиш ҳисобланади.





