Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев Бухоро шаҳрида жойлашган “Nigora” компаниясининг ишлаб чиқариш қувватларига ташриф буюрди. Қиймати 35 миллион доллар бўлган лойиҳа 2024 йил августда ишга туширилган бўлиб, бу ерда 840 нафар ходим меҳнат қилмоқда, уларнинг аксариятини аёллар ташкил этади.
Корхонада Япония, Италия, Бельгия ва Германиядан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида йилига 20 миллион погон метр тайёр мато ва 1 миллион дона тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Президентларга тайёр кийим-кечак ва матолар намуналари намойиш этилди.
“Shoyigul” бренди остидаги маҳсулотлар асосан Европа давлатларига, жумладан Италия, Австрия, Буюк Британия ва Германияга экспорт қилинмоқда. Давлат раҳбарлари экспортни 10 миллион долларга етказиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва келгусида синтетик тола ҳамда аралаш матолардан маҳсулот тайёрлаш режаларини юқори баҳолади.






