Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини ривожлантириш доирасида қуриладиган меҳмонхоналарда маҳаллий қурилиш материаллари улушини камида 95 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, яқинда ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича икки йиллик йирик дастур қабул қилинган. Унга мувофиқ, мамлакат бўйлаб 34 та йирик туризм объекти, 1000 дан ортиқ жойлаштириш воситаси, жумладан, 200 та меҳмонхона қурилиши режалаштирилган.
Йиғилишда Тошкент вилоятининг Паркент туманида яқин кунларда фойдаланишга топширилиши кутилаётган “Kumushkon Resort” туристик мажмуаси мисол қилиб келтирилди. Қайд этилишича, мазкур лойиҳада қурилиш материалларининг 98 фоизи маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига таъминланган.
Шу муносабат билан ҳокимларга ўз ҳудудларида қурилаётган меҳмонхоналарда ҳам маҳаллий материаллар улушини камида 95 фоизга етказиш вазифаси юклатилди.
Бунинг учун 2027 йил якунига қадар меҳмонхона қурилиши ва безатиш ишларида кенг қўлланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш белгиланди. Хусусан, лок-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш 150 минг тоннага, сантехника маҳсулотлари 2 миллион донага, ПВХ қувур ва фитинглар 300 минг тоннага етказилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, гулқоғоз ва декоратив панеллар ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам сезиларли даражада ошириш вазифаси қўйилди.






