Туркиянинг Денизли вилоятида ўтказилган тўй маросими вақтида ҳавога ўқ узиш оқибатида 11 нафар киши жароҳат олди. Бу ҳақда Milliyet нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 21 июнь куни Чиврил туманига қарашли Киралан маҳалласида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, келинни кузатиш маросими вақтида 15 ёшли ўсмир анъанага кўра ҳавога ўқ узмоқчи бўлган.
Бироқ милтиқдан чиққан сочма ўқлар ерга тегиб қайтган ва тўй иштирокчиларига тегган. Оқибатда 11 нафар киши турли даражада жароҳат олган.
Жабрланганларнинг барчаси шифохонага етказилган. Кейинчалик улардан икки нафари қўшимча тиббий кўрик ва даволаниш учун Денизли шаҳридаги тиббиёт муассасаларига юборилган. Шифокорлар маълумотига кўра, жабрланганларнинг ҳаётига хавф йўқ.
Ҳодисадан кейин ўсмир полиция бўлимига олиб кетилган. Ҳозирда воқеа юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, Туркиянинг айрим ҳудудларида тўйлар, ҳарбий хизматга кузатиш маросимлари ва бошқа байрам тадбирларида ҳавога ўқ узиш анъанаси ҳали ҳам сақланиб қолган. Мутахассислар бу каби ҳолатлар ҳар йили ўнлаб одамларнинг жароҳат олиши ва айрим ҳолларда ҳалок бўлишига сабаб бўлаётганини таъкидламоқда.






