1

“Сиз, менинг дадамсиз!”

МУТОЛАА 28.12.2015, 13:00
“Сиз, менинг дадамсиз!”

Бу галги “Юрагимда сақлаганларим” лойиҳасига мурожаат қилган мухлисамизнинг кечинмалари аввалгилардан буткул фарқ қилади. Ўзини Хушнида деб таништирган мухлисамиз қаердан қўнғироқ қилганини айтмади. Хушниданинг қалбида сақлаб юрган дилсўзлари барчага ибрат бўлгулик...

— Анчадан буён ўзгаларнинг юрагида сақлаб юрган гапларини, дардларини ўқиб бораман. Аксарият берилган кечинмалар оғриқли, озорли. Шуларни ўқиб, ўзимча ўйладим: “Наҳот, биз яхши, масъуд кунларимизни қалбимизга муҳрламаймиз?”

Аслида бахтиёр кунларимиз ҳам дилимизда бир умрга қолиб кетади. Фақат у онлар фарахбахш бўлгани учун кўп ёдга олмаймиз. Одамзотга одат — ғамгин кунларини кўпроқ ёд этади, баттар ўзини эзишни яхши кўради.

Мен бугун аксини қилмоқчиман!

Бу хонадонга аслида уч ёшимда келган эканман. Жуда яхши эслайман, дея олмайман. Аммо онамнинг айтишича, бу ҳақда менга биринчи бўлиб холам айтган экан.

— Хушнида, сенинг даданг уз-о-о-қдан келибди. Энди сизларни олиб кетар экан. Борасанми, дадангга?

Албатта, мен буни хушнудлик билан қаршилаб, ўша ондаёқ падарим олдига ошиққан эканман.

Доим менинг кўнглимга қарашгани, айтганимни муҳайё қилишгани учун сира овунмаганман.

— Нима бўлса, бўлди! Ишхонасига олиб бораман, — дебди холам.

Кейин мени кийинтириб, дадамнинг ишхонасига олиб боришга мажбур бўлибди. Буларни албатта хотирлай олмайман.

— Борганингдан кейин ортимга бекиниб олдинг, — дейди ҳалиям холам кулиб. — Поччамнинг олдида роса хижолат бўлдим. Сал аввал еру кўкни бузиб отасини сўраган болага ўхшамасдинг. Гўёки, мен сени баҳона қилиб поччамни кўришга келгандек эдим. Келганимга пушаймон бўлдим. Поччам ҳам хижолат. Узр сўраб кетишга чоғландим. Сен ортга қайтишни истамагандек, оёқларимга ёпишиб олдинг. Қўлингдан судрадим. Шунда сал олдинги тортинчоқлигинг ҳавога учгандек, поччамга қараб югурдинг: “Дадамга бораман!” Поччам ўша заҳоти ўтира солиб, қучоқ очди. Сен ўзингни унинг бағрига отдинг!

Холамнинг ҳикояси мана шу ерга етганда менинг кўз олдимда чаплашган, ғира-шира манзара намоён бўлгандек бўлади: севинчим ичигимга сиғмай дадам томон югурганим, у кишининг “қизалоғим” дея мени қучгани...

Ушбу ҳодиса онгимда тўлиқ акс этмаса-да, юрагимга ширин энтикишни олиб киради. Йиллар давомида қалбимнинг қат-қатида қолиб кетган соғинчни, ўкинчни қайта жонлантиргандек бўлади.

Шундан сўнг биз тўкис ҳаёт кечира бошладик. Қолган воқеалар болаликнинг оддий таассуротларидек эди.

Лекин энди ўйласам, ундай эмас экан!

Эсимда, ўшанда энди мактабга боришга тайёргарлик кўраётгандим. Дадам менга жуда чиройли форма-фартук олиб келди. Кийиб чиққанимда, у ёқдан-бу ёққа айлантириб кўриб, кўзлари ёшланди:

— Менинг ҳам қизим мактабга борадиган бўлди. Одамлар “Ваҳобнинг қизи мактабга боряпти экан”, деб гапиришади, энди...

Ўшанда ҳамма дадалар ҳам қизи мактабга чиқса шунақа қувонади деб ўйлаганман. Лекин дадамнинг ўша ҳолати кўнглимнинг бир бурчагида ширин хотира бўлиб қолиб кетган.

Кейин эса ўқий бошладим. Дадам ойимни жуда авайлагани учун баъзан уй юмушларини ҳам ўзи қилар, менга дарс қилдиришни эса канда қилмасди. Кечки пайт завқу шавққа тўлиб сабоқ олардим.

— Қара, уч сони қарғага — ёнбош учаётган қушга ўхшайди! Шунинг учун чиройли қилиб ёз, — ҳар бир ҳарф ва сонларни жонли нарсаларга менгзаб ўргатарди дадам. — Икки сони эса, бошини кўратиб турган илонга ўхшайди.

— Тўрт-чи? Ҳеч нимага ўхшамайди-ку!

— Нега? Қара, бир оёғи йўқ нарвонга ўхшайди, — куларди дадам.

Мен баттар қизиқиб билим олишга шўнғирдим. Дадам эса менинг ёзишимни меҳр ва орзиқиш билан томоша қилиб ўтирарди. У кишининг ўша лаҳзалардаги нигоҳлари ҳамон кўз ўнгимда.

Кузнинг салқин кунлари бошланган тонгда уйда ёлғиз уйғондим. Жуда қўрқиб кетдим. На ойим, на дадам бор!

— Ойи, — йиғлаб юбордим бирдан.

Бемалол ҳовлига чиқиб излайдиган, қўшнилардан суриштирадиган ёшдаги кап-катта қиз бўлсам-да,  ўрнимда ўтирганча йиғлайвердим. Чунки ҳар куни мени ё ойим, ё дадам уйғотарди-да!

— Хушнида, қизалоғим... Мана, келдим! — эшикдан отилиб кирди дадам. Кела солиб менинг ёшли кўзларимн артаркан, жилмайди. Сўнг бироз уялгандек деди: — Қизим, мен бугун ота бўлдим! Ота! Сен эса опа бўлдинг! Менинг — ўғлим, сенинг уканг бор энди!

Онамнинг фарзанд кутаётганини, отамнинг шунинг учун унга жуда парвоналигини болалик шуурим билан англардим. Бироқ негадир буни оддий қабул қилган эканман. Дадам эса...

— Энди менинг ҳам ўғлим бор! Ўғлим! — дадамнинг кўзларига ёш тўлди. Кейин мени қучиб, елкалари силкина-силкина йиғлай бошлади: — Бу кунни қанчалар кутдим, мен! “Ваҳоб ҳам шунча йил деганда фарзанд кўрибди! Ўғилмиш, яна...” дейишади, одамлар...

— У мени опа дейдими? — болаларча соддалик билан сўрадим.

— Ҳа! — дадам юзимни кафтлари орасига олди: — Сени “опа”, мени “дада” дейди. Кўча бошидаги амманг шўрва пишириб турибди, экан. Ҳозир иккимиз чақалоқни кўргани борамиз. Кейин мактабингга олиб бораман.

Дадамнинг ўзи мени кийинтирди. Сўнг қўлларимдан ушлаб, ғурур билан кўчага қадам босди.

— Янгилик борми? — қўшнимиз кўзи тушиши билан сўради.

— Табрикланг, ўғил бўлди! Ўғилли бўлдим! — дадамнинг овози титраб кетди.

— Э-э-э, катта йигит бўлсин! — қўшнимиз қутлади.

Севинчи ичига сиғмай кетган дадам бирдан мени кўтариб, елкасига ўтказиб олди. Мен қийқирдим, ёши қирққа бориб қолган отам эса  худди ёш боладек ирғишлади. Шу зайл аммамникидан овқатни олиб, туғруқхонага бордик. Уйимизга у қадар узоқ бўлмагани боис, у ерга етгунимизча ҳам дадам мени елкасидан туширмади.

Ўша куни дадам иккимиздан бахтиёр одам бўлмади дунёда. Истаганимизча қийқирдик, хоҳлаганимизча сакрадик, тўйгунимизча ўйнадик. Бу воқеа ҳам юрагимда бир умрга сақланиб қолди.

Кейин яна кетма-кет яна икки укам туғилди ва мен эрка, арзанда опалигимча қолавердим. Ойимнинг тергашини айтмаса, дадамнинг тантиқ қизи эдим.

Аста-секин вояга етдим. Ўқишга ҳам кирдим.

Ҳар ҳафта дадам мендан хабар олар, пулим бор-йўқлигини суриштирар, уйга келганимда тансиқ таом тайёрлатарди.

Сўнг юрагимга муҳаббат меҳмон бўлди. Ниҳоят у совчи юборадиган бўлди.

— Маслаҳатлашайлик, кенгашайлик, — дебди совчиларга дадам.

Бу дадамнинг илк бор истагимни муҳокамага қўйиши эди. Унгача оғзимдан чиққанини муҳайё қилишга, бажаришга уринган.

“Тақдир иши осонмас, қариндошларга барибир маслаҳат солишади-ку!” дедим ўзимча.

Бир ҳафта ўтиб, ўқишдан уйга келсам, уйда меҳмон бор экан. Ойим эса қанақадир бошқача бўлиб юрганди...

— Меҳмонхонага кир, даданг чақиряпти, — деди ойим.

— Эркак киши экан-ку! Нима қиламан? Нега чақиради? — дедим тўнғиллаб.

— Кир дегандан кейин кир! — койиди ойим.

Эшикдан кириб салом беришим билан меҳион менга тикилиб қолди. Негадир бу қарашини ёқтирмадим.

— Ўтир, Хушнида! — деди дадам жилмайишга ҳаракат қилиб.

Хонтахтанинг бир четига чўкдим.

— Хушнида, бу киши Раҳмат ака... Қўшни тумандан. У... сенинг отанг бўлади... — дадам бу гапларни ерга киргудек бўлиб айтди.

Мен қотиб қолдим.

Ҳалиги одам эса кўзларини олиб қочди.

— Қизим, тақдир экан... Сен чақалоқ вақтингда ойинг билан ажрашиб кетганмиз, — деди у киши. — Ваҳоб ака “Тўй устидамиз, Хушнида энди ҳақиқатни билиши керак, “ота — рози, Худо — рози” дейишган, келинг, розилик беринг”, деганига...

Туш кўраётган ўхшардим. Қанча ўтирдим, улар нима дейишди, билмайман. Фақат меҳмон кетганидан сўнг дадамга қараб йиғлаб юборганим, бақирганим эсимда:

— Менинг дадам — сизсиз! Сизсиз-ку, дадам! Энди нега бунақа қиляпсиз? Турмушга беряпман, энди кераги йўқ, деяпсизми? Мен барибир сизни дада дейвераман! Дада-а-а! Дадамсиз, менинг!

Дадамнинг ҳам кўзларига ёш тўлди:

— Мен сени қизим эмассан, демадим-ку! Дадангман, болам, дадангман!

Ҳа, ўша куни, ёшим йигирмадан ошгандагина мен дадамнинг ўгай эканлигини билдим. Унгача мен буни заррача сезмаганман ҳам. У мени ўз фарзандидан-да, зиёда катта қилди. Шунча шодон кунларни, бахтиёр онларни, унутилмас лаҳзаларни хотирамга муҳрлади. У инъом этган бахтли болаликни юрагимда авайлаб-асрайман.

Мен бунинг учун дадамдан бир умр миннатдорман! Сизни жуда яхши кўраман, дадажон!

  Наргиза УСАНБОЕВА  

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1