1

«Болам, отам ўгай дема...»

МУТОЛАА 08.01.2016, 11:49
«Болам, отам ўгай дема...»

 

 

— Билмадим... Йиллар давомида асраб юрган сиримни бугун ошкор қилиб, хато қилаётгандирман... Аммо барибир бардошим етмади. Оила қуриш остонасида турган қизимнинг мунгли кўзларига қарай олмадим... Бир куни кўза синишини юрагим сезарди. Ҳамма ҳақиқат ошкор бўлишини билардим... Аммо қорлар ёғиб, излар босилишидан умид қилган эканман.

Яқинда тўнғичимиз, ягона қизимизни узатаяпмиз. Илк муродимиз, еру кўкка ишонмай ўстирган қизимизни ўзга хонадонга учирма қилаётганимиздан ҳаяжондамиз. Отаси ҳам қизини ҳозирдан соғина бошлаган. Ўтирса ҳам, турса ҳам, “Зулайҳо бирпасда улғайиб қолдими? Турмушга беришга шошмаяпмизми?” дейди. У кишининг фарзандига бўлган меҳрини кўриб, кўзим ёшланади. Ҳам шу кунларга етказганига шукр айтаман, ҳам эски дардим қалбимни тирнайди. Шундай ширин ташвишлар билан ўтаётган кунларимизга қора қайғумиз соя солди. Биз неча йиллардан бери тинч турган  вулқон охири отилди.

***

Мурод ака билан синфдошмиз. Ўн бир йил бирга ўқидик. Болаликнинг беғубор кунларини бирга ўтказганмиз. Қорачадан келган бу йигитнинг зимдан мени кузатишларини сезардим. Рўпара келиб қолсак, уялардим. Мактабни тугатгач, Мурод ака пойтахтга ўқишга отланди. Шифокор бўлиш орзуларим эса армонга айланган. Мурод ака билан аҳду паймон қилгандик.

Аммо қиз кўнглига ким ҳам қарарди. Отам худди опаларим каби мени ҳам мажбуран турмушга узатди. Қўшни қишлоқлик узоқ қариндошимизнинг ўғлига тенг кўришди. Йиғладим, аммо онамга-да дардимни ёришга уялдим. Балким ўшанда муштипаримга кўнглимни очганимда тақдирим бошқача бўлармиди?

Тўйгача бўлажак умр йўлдошим бирор марта учрашувга келмаган. Мен ҳам кўнглим ўзгадалиги сабаб бепарво бўлганман. Катталарнинг ҳай-ҳайи билан тўй ҳам бўлиб ўтди.  Палахмон тошидек отилиб кетдим. Аммо борган жойимда тошдек қотмадим. Эрим арзимаган бахона сабаб дўппослар, деярли ҳар куни уйимга ҳайдарди. Биринчи ҳомилам унинг калтаклари остида нобуд бўлди. Бироқ барибир инсофга келмади. Қайнонам ҳам тинчини ўйлади шекилли, бизни “дом”га чиқариб юборди. Мен номуснинг кучидан эримнинг барча қилиқларига чидардим. Токи... тақдир устимдан аччиқ кулгунича...

Ўшанда иккинчи боламга ҳомиладор эдим. Яқин кунларда чақалоғимни бағримга босиб овунишимни ўйлаб ўзимни юпатардим. Турмуш ўртоғимнинг бир кун уйга келса, уч кунлаб йўқолиб кетишларига ҳам кўзимни юмардим. Шундай кунларнинг бирида эшигимиз тақиллади. Эшикни  очсам,  чиройликкина жувон чамаси уч яшар қизчанинг қўлидан ушлаб олганди:

Ассалому алайкум, Зулайҳо сизмисиз?

Ҳа, — ҳайрон бўлиб жавоб бердим нотаниш аёлга.

Менинг исмим Манзура! Бу қизим Малика, — деди у бироз овози титраб.

Келинг, опа, — дея уни уйга таклиф қилдим. Аёл ҳам ҳеч нима демади-да, ичкарига кирди.

Сиз мени танимайсиз, кимлигимни билмайсиз ҳам чоғи, — деди у ердан кўзини узмай.

У бир қарашда ўзига ишонган аёлга ўхшар, аммо гапирганда лаблари титрарди. Бунинг сабабини кейин тушундим. У қаппайган қорнимни қўриб иккиланган ва ҳаётидан номус қилган экан.

— Мен, мен... Турсун аканинг ... — дея дудуқланди, — Бу Малика, — қайта такрорлади қизининг исмини. — Турсун аканинг боласи...

У гапини давом эттира олмади. Пиқиллаб йиғлашга тушди. Мен эса тошдек қотдим. Қизча бир йиғлаётган онасига бир менга тикилиб турарди. Унинг кўзлари ҳеч қачон эсимдан чиқмайди. У кўзлар бир умр менга тикилиб яшади. Қизимнинг кўзлари ҳам худди шундай боқади менга.

Аёл бироздан кейин ўзига келиб, шум тақдиридан ёзғирди.

Турсун ака билан кўп йиллардан буён танишмиз. Севардик бир-биримизни. Онаси йиллар давомида бизга қарши чиқди. Уйдагилар эса мени узатиб юборишди. Аммо Турсун ака тўйимдан кейин ҳам тинч қўймади. Келинлик хонадонимга ичиб жанжал қилиб боргач, эрим мени ҳайдаб солди. Икки ойлик келинчак ота уйимга йиғлаб қайтдим. Аммо уйга ҳам сиғмадим. Кейин Турсун ака ижарага уй олди. Мана, тўрт йилдан буён ўша уйда яшаймиз. Болали ҳам бўлдик. Аммо на уларнинг ота-онаси, на менинг уйимдагилар бизни кечирди. Биламан, гуноҳим оғир. Энди, мана, сизнинг ҳам бахтингизга чанг солаяпман... Ахир, Зулайҳо, бунақа яшаб бўлмайди-ку, тўғрими? Мен ҳамманинг нафрат билан боқишларидан тўйиб кетдим, — деди.

Мен ҳаммасини тушундим. Бахтингизга чанг солаяпман, дедими? Қанақа бахт? Бир йиллик турмушимда бахт нелигини ҳис қилдимми? Йўқ! Болам туғилса, деб умид қилаётгандим, эримга боланинг ҳам қизиғи йўқ! Ахир унинг қизи бор! Нотаниш кундошим яна нималардир ҳақида гапирди, ниманидир илтимос қилди ва кетди. Мен эса энди нима қилишни билмай бошимни чангаллаб қолавердим. Турсун ака ўша куни уйга келди-ю, ҳамма нарсасини йиғиштириб кетди. Ажримга ариза берганлигини айтди.

Шу билан биз ажрашдик. Суд ажрим берган куни қизимиз туғилди.  Турсун ака эса бирор марта қизини кўришга келмади.

***

Мурод ака ўқишни тугатиб қайтганда қўлимда уч ёшли қизим бор эди. У сўраб-суриштириб ҳамма гапдан хабар топган. Муҳаббати кучлимиди ёки менга ачиндими, устма-уст совчи жўнатиб уйланди. Онам қизимни ўзи билан олиб қолмаоқчи бўлганда, мендан ҳам кўп Мурод ака қаршилик қилган. Икки ўғилли бўлдик, у киши қизимни ўз боласидек кўрди. Ҳеч қачон ўгайлик қилмади. Ҳаммаси яхши, биз бахтли оила эдик... Токи, ўтмишга айланган тақдирим ҳаёт йўлларимизда бўй кўрсатгунча.

— Ойижон, ишхонамда бир қиз бор, худди менга ўхшайди, — деб қолди бир куни вилоят марказида шифохонада иш бошлаган қизим. — Ҳамма бизга эгизакмисизлар дейди. Малика опа ҳақиқатда менга ўхшайди.

Юрагим шув этди. Малика, қизимга ўхшайдиган қиз. Эримга бу гапни айтгандим, у қизимизни ишдан бўшатиб олишга ҳаракат қила бошлади. Аммо Шоҳиста ишини жуда яхши кўрарди. Бунинг устига, бўлажак куёв ҳам марказда ишларди.

Бир куни эса уйга кўзлари қизарган, хаёли паришон бир алфозда кириб келди.

Тинчликми, болам, — дедим жоним чиққудек бўлиб.

У эса титраб, зўрға:

— Менинг отам, отам... — дерди.

Отангга нима бўлди, болам, — дедим хаёлим Мурод акага кетиб.

Ойи, мен ўгай қизманми? — дея йиғлай бошлади у...

Маълум бўладики, собиқ турмуш ўртоғим шифохонага тушиб қолибди-ю, қизини танийди. Ва, ва йиллар давомида асраб юрган сиримиз очилиб қолади.

***

Шоҳистанинг тўйи кейинги ҳафтага белгиланганди. У эса бўлган воқеадан ўзига кела олмаяпти. Отаси уни юпатишга, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилса-да, барибир ич-этини алам тирнаяпти. Юрагида қўрқув пайдо бўлган. Мен эса дардимни кимга айтишни билмай қийналиб кетдим. Турсун ака уйимизни излаб келди. Аммо Мурод ака ўзи алоҳида гаплашиб олди. Бизни тинч қўйишини илтимос қилди.

Баъзида ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолгани яхши. Шоҳиста ҳамма сирдан воқиф бўлиб, ўксиб қолди. Йўқ, у Мурод аканинг ўгайлигидан эмас, бу инсоннинг қанчалик меҳрибонлигидан, ўз отасининг эса бебурдлигидан куйинаяпти. Ўз тақдирини, туғилажак болаларининг келажагини ўйлаяпти... 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1