АсосийJinoyat

Мақсадига етолмаган кимсалар

Ота-онасининг хизматини қилиб, уларнинг дуосини олиб юрган Шокирни нима жин урдию, ишлаш учун хорижга кетаман, дея оёқ тираб туриб олди. Шундай кунларнинг бирида кечки овқат маҳали онаси:

         – Болам, кеча телевизорда одам савдоси ҳақида кўрсатув бўлди, унда кўп пул опиш илинжида хорижга кетиб қул бўлиб қолганлар бу ишларидан пушаймонда эканликларини айтишди. Мусофирликда ким билади, қандай яшайсан, иш берувчиларинг қандай одамлар бўлади, ишқилиб сен ҳам алданиб қолмайсанми, – деб сўради.

         – Йўқ, ойи, хавотирланманг. Мени нариги маҳалладаги Азиз ака борку, тўрт укасини ҳам хорижга, ёнига чақириб олган, ўша киши ишга таклиф қилаяптилар. Қаранг, беш ака-ука бир йилда уйини қасрдек қилиб олган, эшигининг тагида икки-учталаб «иномарка» машина тизилиб туради. Худо хоҳласа, бир йил ишлаб келаман. Буёқда неварангиз ҳам катта бўлаяпти, унинг келажаги учун сармоя йиғиш керак.

         – Ўғлинг рўзғорни кам-кўстини бутлашни ўйлаяпти. Сен эса нималарни ташвишини қиласан-а, онаси, – дея суҳбатга қўшилган отасининг бу гапидан кейин Шокирнинг фикри янада қатъийлашди.

Муштипар онаизорнинг кўнгли хижил бўлса-да, ортиқ қаршилик қилмай қўйди. Шокир ҳам тез орада барча керакли ҳужжатларни тўплаб май ойида хорижга жўнаб кетди. У ерда уни маҳаладоши Азиз кутиб олди, укалари яшаётган хонадонга жойлаштирди, ваъда қилганидек, маоши дурустгина иш ҳам топиб берди.

Бор ғайрат-шижоати билан, орзу умидларда иш бошлаган Шокир ўзи ихлос қўйган, ҳар қадамидан намуна олишга уринаётган Азиз акасининг асли касби нималиги, қандай иш билан шуғулланишини тўлиқ англаб етмас, энг даҳшатлиси, мана шу ихлоси кун келиб унинг юзини қора, бошини хам қилишини ҳатто тасаввур ҳам қилмасди.

 Азиз, унинг тўрт нафар укаси ҳар куни иш тугагач, кечки овқатдан сўнг бир пиёла чой устида дин, намоз, ислом амалларини тўғри бажариш борасида суҳбатлашар, баъзан бирор масала юзасидан баҳслашиб қолар эдилар. Шундай ўтиришларда ака-укалар Ўзбекистонда сиёсий тизим нотўғри йўлга қўйилгани, аллақасон ислом давлатини  қуриш кераклигини тинмай таъкидлашарди. Шокир ҳам бора-бора бу суҳбатларда бошқаларга сўз бермайдиган бўлди. Энг ачинарлиси, у ғайриқонуний диний ташкилотнинг энг фаол аъзоларидан бирига айланди. Ўзини бир жамоат деб эълон қилган бу кимсаларнинг олдига тез-тез нотаниш шахслар келиб турар, ташкилотларида бўлаётган янгиликлар, «раҳнамо»ларининг топшириғини етказиб кетарди.

Ёз ойларида улар ишлаётган фермага яна 9 нафар ўзбек йигити келиб қўшилди. Бу орада Шокир жамоатнинг етакчиларидан бири бўлмиш Абдуллоҳ билан танишди, унинг даъватига биноан чет давлатлардаги ҳарбий лагерларда шуғулланаётган сафдошларидан, қолаверса, Ўзбекистонда исломни ҳимоя қилиш йўлида  ноҳақликка учраб қамалганларнинг оиласига байтулмол, ёрдам пули дея  ҳар ойлигидан 200 АҚШ долларидан бера бошлади.

Кундан-кунга чирой очиб, тараққий топиб бораётган жаннатмонанд гўшадаги тинч ҳаётни, фаровон турмушни кўра олмаётганлар, барқарор сиёсий тизимга дарз етказмоқчи бўлганлар ғараз режаларини амалга ошириш учун қизғин тайёргарлик кўришарди. Уларга содда, ишонувчан одамлар, аниқроғи тайёр «ўлжа» керак эди. Жамоат йиғилишларида энда гап фақат кўпроқ пул тўплаш, одам йиғиш, жиҳодга тайёргарлик кўриш ҳақида борарди. Шундай кунларнинг бирида Азиз жиҳод қилишга айни вақтда илож йўқлигини, уларни сезиб қолишганини, шунинг учун энди ҳар куни эрталаб туриб, бир соатдан бадантарбия билан шуғулланишлари лозимлигини айтди.

Ушбу жиноий гуруҳ аъзолари ҳар ойлигидан 100, 200 АҚШ долларидан йиғиб беришар, Ўзбекистондаги, хорижда ишлаётган танишларига қўнғироқ қилиб, маоши яхши ойда ишлаётганини айтиб, уларни ҳам ёнига чақиришарди. Ноқонуний диний оқим аъзоси Ж. Шоқосим айбланувчи тариқасида сўроқ қилинганида ушбу жамоат йиғилишларида улар мусулмонлар кофирларга қарши курашиш учун тайёргарлик кўришгани, келажакда уларга қарши уруш эълон қилиб, мусулмон давлатини қуриш олий мақсад эканлигини қайта-қайта таъкидлашгани ҳақида кўрсатма берган.

         – Улар аввалига ислом дини тўғрисида, пайғамбарлар ва уларнинг саҳобалари,  уларнинг жасоратлари ҳақида гапиришарди. Бора-бора ҳарбий лагерларга ҳижрат қилиш, у ердаги жангариларга бориб қўшилиш учун тайёр бўлишлари, ислом дини учун курашиш кераклиги, ягона халифалик давлатини қуриш лозимлиги, Ўзбекистонда мусулмонлар қийналаётганини кўп айтишарди, – дейди айбланувчи Н. Умрбек. – Шунинг учун уларга ёрдам бериш зарурлигини таъкидлаб байтулмол учун пул йиғишарди. Бундан ташқари ҳижрат қилиш учун хорижга чиқа олмаганлар ишлаган пулларидан беришлари фарзлиги кўп уқтириларди. Биз ишлаётган вақтимизда жамоатга яна етти кии келиб қўшилди. Суҳбатларда жиҳод, шаҳидлик ҳақидаги видеофильмлар кўрар, оқим раҳнамоларининг маърузаларини тинглар эдик,– дейди у.

Республикамиздаги тинч ҳаётга рахна солмоқчи бўлган кимсаларнингХХХХХ деярли барчаси, жумладан, юқорида исмлари зикр қилинганлар ҳам бугун қонун олдида жавоб бераяптилар. Улар одил суд ҳукмига биноан вақти келиб ўз жазоларини оладилар. Аммо бу уларнинг чирк босган қалбини тозалармикин?!

Дилшод ҚУРБОНОВ,

капитан.

Гули Нигор АВАЗОВА,

журналист

 

    Бошқа янгиликлар