ДХХ матбуот хизмати пора билан ушланган мансабдор шахслар ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи, махсус техникалар билан хизмат кўрсатишга ихтисослашган МЧЖ раҳбари 2021 йилда кўп функцияли бурғулаш ускунаси олиб келиш мақсадида Хитой давлати компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси орқали шартнома тузади ҳамда банкдан олган 1 млн 71 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағини ушбу компаниянинг ҳисоб рақамига ўтказиб беради.
Аммо, шартнома талабларига зид равишда Хитойдан кўп функцияли ўрнига, бир функцияли бурғулаш ускунаси юборилади.
Натижада прокуратура органлари томонидан хорижий компаниянинг мамлакатимиздаги вакилларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Жиззах вилояти ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилади.
Жиноят иши доирасида ўтказилган экспертизада мазкур ускуна кўп функцияли эканлиги тўғрисида хулоса берилади.
Бундан норози бўлган тадбиркорга эса Тошкент шаҳрида яшовчи, 1969 й.т. шахс ўзининг мансабдор танишлари орқали ускунанинг бир функцияли эканлиги тўғрисида қайта экспертиза тайинлатиш бўйича терговчининг қарорини чиқартириб, экспертиза хулосасини унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб беришни таклиф этади ва эвазига 155 минг АҚШ доллари сўрайди.
Аммо, у 105 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, мазкур шахс ушбу масалани Тошкент шаҳар прокуратурасининг маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими катта прокурори ҳамда унинг воситачиси бўлган, Тошкент шаҳридаги суғурта маркази раҳбари орқали ҳал қилиши кераклиги маълум бўлиб, улар ҳам процессуал тартибда ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Бош прокуратура томонидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Сурхондарё вилояти прокуратурасининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими катта прокурори вилоятдаги фермер хўжаликларига тегишли бўлган 280 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш бўйича маҳаллий МЧЖ раҳбарига буюртмачи фермер хўжаликлар топишда ва улар билан шартномалар тузишда ҳамда МЧЖнинг хизмати учун банкдан пул маблағлари ажратилишида ёрдам берганлигини рўкач қилиб, 28 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, катта прокурор олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг «Халқлар дўстлиги» санъат саройи ёнғинга қарши профилактикаси катта инспектори Юнусобод туманида янги қурилган нотурар бинога ўрнатилган ёнғин хавфсизлик тизимларини қабул қилишда ва бинонинг фойдаланишга топширилиши бўйича ижобий хулоса берилишида ваколатли ҳамкасби орқали кўмаклашиш эвазига 12 минг АҚШ доллари талаб қилиб, аввалроқ 3 минг АҚШ доллари олади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у 2900 АҚШ долларини ўзининг ҳамкасбига берган вақтида ушланди.
Ҳозирда катта инспекторга нисбатан прокуратура органлари томонидан Жиноят Кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гаров эҳтиёт чораси қўлланилди.