Ўзбекистонда илк бор ЕИТУ билан ҳамкорликда илмий лойиҳаларга грантлар ажратилди

HI-TECH 17.12.2020, 19:56
Ўзбекистонда илк бор ЕИТУ билан ҳамкорликда илмий лойиҳаларга грантлар ажратилди

Ўзбекистон-ЕИТУ (Евросиё илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси) кўп томонлама халқаро ҳамкорлик  доирасида бажарилиши 2021-2023 йилларга мўлжалланган илмий-техник лойиҳалар танлови натижалари бўйича иккита илмий лойиҳага грант маблағлари ажратилади.  Бу ҳақда  Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Евросиё илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида эълон қилинган илмий-техник лойиҳалар танловига жами 38 та лойиҳа келиб тушган. Ҳар бир иштирокчи давлат томонидаги ҳамкор ташкилотлардан танловга лойиҳалар тўлиқ топширилгани туфайли 38 та илмий-техник лойиҳа Илмий-техник кенгашларда экспертизадан ўтказилди.

Экспертиза жараёни  ҳамда илмий-техник кенгашлардаги тақдимотлар ва муҳокамалар натижаларига кўра 11 та илмий-техник лойиҳа молиялаштиришга тавсия қилинди, 27 та илмий-техник лойиҳани молиялаштирилишини рад этиш бўйича хулоса берилди.

Ўзбекистон-ЕИТУ ҳамкорлиги доирасида бажарилиши 2021-2023 йилларга мўлжалланган лойиҳалар  танловидан ўтган  лойиҳалар ичидан ЕИТУга аъзо иштирокчи давлатларнинг ҳар бири томонидан ижобий экспертиза хулосасини олган 2 та лойиҳа молиялаштирилишига келишилди.  

«Янги авлод рекомбинант токсинларини яратишда рибосомани инактивацияловчи оқсилларнинг тузилиши ва функцияси» лойиҳаси  Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академик О.С.Содиқов номидаги Биоорганик кимё институти, Беларусь Миллий Фанлар академияси Биоорганик кимё институти, Россия Фанлар академияси академиклар М.М.Шемякин ва Ю.А.Овчинников номидаги Биоорганик кимё институти, Вьетнам Фан ва Технологиялар академияси Биотехнология институти  олимлари томонидан амалга оширилади. Мазкур тадқиқот ўсимта тўқималарига махсус таъсир кўрсатадиган ва ножўя таъсирга эга бўлмаган дориларни яратишга қаратилган. Оддий ва ўсимта ҳужайралари орасидаги молекуляр, биокимёвий, ирсий фарқлар, айниқса ўсимта тўқималарида метаболизм, дориларни, радиоизотопларни, ситотоксинларни мақсадли етказиб бериш усулларини ишлаб чиқиш учун назарий асос яратади.

Шунингдек, Россия Фундаментал тадқиқотлар жамғармасининг Евросиё илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш уюшмаси ҳамкорлигидаги кўп томонлама илмий-техник лойиҳалар танлови натижаларига кўра, ЎзР ФА Микробиология Институтида “Аквакультура микроорганизмларидан фойдаланган ҳолда балиқлар учун озуқа ем қўшимчасини яратиш” лойиҳаси бўйича илмий изланишлар олиб бориш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа Россия Федерациясининг Жанубий Федерал университети ва Арманистон Миллий аграр университети олимлари билан хамкорликда бажарилади. Тадқиқот хар бир мамлакатдаги балиқчилик хўжаликларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, Россия, Арманистон ва Ўзбекистонда аквакультурадан фойдаланиш учун юқори самарали мақсадли пробиотик препаратларни яратишга қаратилган, дейилади хабарда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1