1

Лутфулла Саъдуллаев: “Туҳмат балосидан асрасин”

МУТОЛАА 31.01.2016, 13:43
Лутфулла Саъдуллаев: “Туҳмат балосидан асрасин”

Ушбу саҳифамиз газетхонларимизнинг ҳеч кимга айтмай юрган дардлари, кечинмаларини баён этиш мақсадмида ташкил этилганидан хабарингиз бор. Аммо. Баъзи ҳолларда эл ардоғидаги санъаткорлар, таниқли инсонлар ҳам таҳририятмизда меҳмн бўлиб, ушбу саҳифадан жой ажратишимизни сўрашади. Бу галги меҳмонимиз Ўзбекистон Халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев. Биргаликда ўқиймиз!

"Ўша пайтларда анча ёш эдик. Театр гастроль сафарлари ҳозиргидек ўн-ўн беш кун эмас, камида бир ой, гоҳида бир ярим, ҳатто кези келганда икки ойга ҳам чўзилиб кетар эди. Одатдагидек театрдан гастроль сафарига, Фарғона вилоятига йўл олдик. Кечга яқин Тошкент вокзалидан поездга ўтириб эрталаб Марғилонга етиб бордик.

Ўша пайтнинг гастроль сафарларида театримизнинг қарийб барча жамоаси қатнашар эди. Устозларимиз Карим Хонкелдиев, Бадал Нурмуҳамедов, Манзура Ҳамидова, Обид Толипов, Муҳаббат Йўлдошева, Воҳид Қодировлар биз ёш актёрларга ота-оналарча меҳрибонлик қилишиб, санъатда ўз ўрнимизни мустаҳкам топишимиз учун ўз ўгитлари ва маслаҳатларини аямас эдилар. Ҳар куни Фарғона вилоят театри саҳнасида тўрт маротабадан мактаб ўқувчиларига, болаларга аталган саҳна асарларимизни ўйнаб, кечқурун эса жойларга бориб катталар учун «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи»нинг тарбиявий аҳамиятга эга бўлган театрлаштирилган драматик, мусиқали томошамизни кўрсатар эдик. Фарғона вилоят театри биносида навбатдаги спектакль бошланиши олдидан ёнимга бир театр актрисаси келиб салом-алик қилиб сўрашди. Мен бу аёлни дарров танидим. Бу актрисани Сирдарёнинг 18-Фарғона совхозида тўйда кўрган эдим. Ўша даврларда Жиззах ва Сирдарё чўлларида ишлаш учун Республикамизнинг турли вилоятларидан келганлар чўлни ўзлаштириб, у ерлардан юқори пахта ҳосилини олаётганлар жуда кўп эди.

Гастроль сафарида ёнимга келган аёл ўша тўйда раққоса сифатида иштирок этгани эсимга тушди. Гулчеҳра табиатан тўйма-тўй юрадиган раққоса қизларни ёқтирмас эди. Ўша аёл билан салом-алик қилиб турганимда ёнимизга Гулчеҳра келди. Ўша аёл Гулчеҳрани кўриши билан кўзлари чақнаб:

– Сизни ҳам кўрадиган кун бор экан-ку, Гулчеҳра опа. Мен сизнинг ашаддий мухлисингизман. Айниқса, «Қисмат» телеспектаклидаги Узукжамол ролингиз мени ларзага солган. Ижройингизга гап йўқ. «Ўтган кунлар»даги Зайнаб эса юксак даражадаги актрисанинг ижроси, – деди.

Гулчеҳра аввалига ўзида йўқ хурсанд бўлди. Аёл иккимизни уйига меҳмонга таклиф қилди. Гастроль сафаридаги ҳар кунимиз режа асосида регламентли бўлгани учун меҳмонга боришимизнинг ҳеч иложи йўқлигини айтдим. Биз спектаклга кириб кетдик. Аёл эса жуда хурсанд ҳолда кулиб жойида қолди. Кечқурун саҳнадаги барча спектаклларни ўйнаб меҳмонхонага қайтганимизда, Гулчеҳра:

– Ҳалиги театрда сиз билан гаплашиб турган хонимча ким эди? – деб сўради.

Гулчеҳра инсон сифатида содда, меҳрибон, иффатли бўлишига қарамай, бундай пайтларда кучли терговчилардек жиддий турарди. Мен бўлган воқеани унга айтдим:

– Бу аёлни бор-йўғи иккинчи маротаба кўришим, – дедим.

Унинг тўйга раққоса бўлиб борганини эшитган Гулчеҳранинг ранги-рўйи ўша заҳоти ўзгарди. Лекин ортиқча ҳеч нарса демай дамлаб қўйилган чойдан қуйиб, менга узатиб: «Чойдан ичинг», – дея стол устига қўйди. Мен шу тобда томоғимдан чой тугул бир томчи сув ҳам ўтмаслигини билиб, ўзимни зўрлаб чойдан бир-икки қултум ичдим-да, пиёлани стол устига қўйиб:

– Мен бугун жудаям чарчадим. Ухлаганим маъқул, – деб ўрнимга ётиб ухлаб қолдим.

Эрталаб одат бўйича театрга йўл олдик. Кундузги иккинчи спектаклни ўйнаётган пайтимизда ўша аёл катта тоғорада иссиқ манти олиб келиб, стол устига қўйди-да:

– Гулчеҳра опа, Лутфулла ака, сизларнинг санъатларингиз олдида таъзимдаман. — Уйимга бормаганингизга манти қилиб келдим, – деди.

Шу орада спектакль ҳам ниҳоясига етди. Жамоа аъзолари билан ҳаммамиз, ҳатто Гулчеҳра ҳам иссиқ мантиларни устига қатиқ солиб мурчлар сепиб паққос туширдик. Лекин бир актёр кўзи олазарак бир Гулчеҳрага, бир манти қилиб келган аёлга, бир менга қараб:

– Зўр, қойилмақом манти қилибсиз, раҳмат, сизга, – деб қўйди.

Қарияларимиз «мантичи аёл»ни мақтаб, дуо ҳам қилишди. Аёл олиб келган нарсаларини тоғора ичига солиб уни дастурхон ичига ўраб хурсанд қайтиб кетди. Биз қўлларимизни артиб навбатдаги спектаклни ўйнаш учун саҳнага кириб кетдик.

Ўша куни кечқурун Марғилоннинг истироҳат боғи, ёзги театр биносида «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» тарбиявий-сатирик мусиқали дастуримиз томошабинларга ҳавола этилиши кўзда тутилган эди. Биз кеч соат 18:00ларда театр автобусида манзилга етиб бордик. Саҳна ишчилари, реквизиторлар, радистлар, чироқчилар саҳна тайёргарлигини бошлаб юборишди. Биз актёрлар реклама бўлсин деб боғнинг ҳар томонига тарқала бошладик: Шунинг учун биз ҳозирги тил билан айтганда жонли ижрода «реклама ролиги» вазифасини бажарар эдик. Чамаси томошамиз бошланишига ярим соатча қолганида боғни айланиб ёзги театр биносига етиб келганимизда кундузи бизни катта тоғорадаги мантиси билан сийлаган аёл уч-тўрт яшар ўғли билан томоша кўргани келиб бизларни кутиб турган экан. Гулчеҳра ва мен «еган оғиз уялар» деб уларни илиқ кутиб олдик. Сўнг улар билан бир оз суҳбатлашиб турган эдикки, ёнимизга элга яхши танилиб, ўз роллари билан мухлислар орттириб олган бир актёримиз келиб даврага қўшилди. У аввало Фарғона театри актрисаси, сўнг унинг ўғли билан салом-алик қилди.

(Шу ерда мен азиз ўқувчиларга очиғини айтишим керакки, у чиройли аёл ва қизлар ёнидан шундай ўтиб кетадиганлар хилидан эмасди. Қолаверса, менга қандай қилиб зарба бериш йўлини қидириб юрар эди.) Шунда актёр ўта жиддий равишда: «Лутфулла, бу бола худди сенга ўхшайди-я. Қуйиб қўйган ўзинг-а», – деб сўнг Гулчеҳрага қараб: «Қаранг, худди эрингизга ўхшар экан», дея ўгирилиб театрнинг ёзги биносига кириб кетди. Биз ҳаммамиз худди сув қуйгандек жимиб қолдик. Бир неча сониядан кейин мен ва Гулчеҳра саҳна томон, она бола эса томоша зали томон кириб кетишди.

Мен спектаклни ижро этяпман-у, ишқилиб, ҳалиги аёл ёнимизга келмасин-да, деб илтижо қиламан. Худога шукр, келмади. Ҳалиги ғаламиснинг гапидан кейин ўша тобда ранги оқариб кетганини мен сезган эдим. У ҳам, менимча, бу ноўрин гапдан кейин воқеа янада чигаллашмасин, деб бизга учрашмаган бўлса керак.Энг қизиғи Гулчеҳра менга бир оғиз ҳам гап айтмади. Унинг бу ҳолатидан асабларим таранглашди. Ҳамма нарса меҳмонхонага кирганимиздан кейин бошланди.

Ярим тун. Гулчеҳра креслога ўтириб мен томонга қарамай:

– Менга қаранг, нима қилиб сиз анави — ўйинчи аёлга илашиб юрибсиз? Нега у дабдурустдан бир тоғора манти қилиб келди? У билан учрашиб юрганингизга неча йил бўлди? Анави театримиз актёри ҳам унинг ўғлини сизга ўхшатди. У бу гапни айтишдан аввал сиз ва болага бир неча бор қараб, ишонч ҳосил қилгандан кейин айтди. Аёлга илашиб юрганингиз етмагандек бола орттириб ҳам олган экансиз-да? – деб ўзини қўярга жой топа олмасди.

Халқимизнинг бир нақли бор: «ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан асрасин». Шу тобда бир ичи қора инсонни қалбига кириб олган шайтон ўз кучини кўрсатиб мен туҳмат балчиғига беланиб бўлган эдим.

Гулчеҳра:

– Бу кўргулик ҳам бошимда бормиди? – деб тинмай йиғлай бошлади.

Мен нима дейишимни, нима қилишимни билмай қотиб қолган эдим. Бизнинг ёнимиздаги хонада устоз санъаткорларимиз, «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» кўрсатувининг бошловчиси Карим ота Хонкелдиев ва Бадал Нурмуҳамедовлар жойлашган эди. Мен улар яшайдиган хонанинг девори яқинига бориб асабий ҳолатда уларни чақириб, деворни муштлай бошладим. Девор ортидан қандайдир овозлар эшитилаётган эди. Шу дақиқада қўшни хона сув қуйгандек жимиб қолди. Шу орада аёлим деразани очиб, ўзимни пастга ташлайман, деб ресторан томида юриб кетди. Мен вақтни бой бермай томга чиқиб Гулчеҳрани маҳкам ушлаб олдим. У қўлимдан чиқишга ҳаракат қилди. Мен уни қаттиқ ушлаб турганим учун қўлимдан осонликча чиқа олмаслигини билиб, йиғлаб томга ўтириб олди. Мен ана шундагина уни қўйиб юбордим. Ўша тобда нима дегани, мен нима деб жавоб қайтарганим эсимда қолмади. Аниғи шуки, уни бир оз тинчлантириб хонага олиб тушдим.

Ўша кунлардан салкам қирқ йил ўтиб кетди. Биз Гулчеҳра билан узоғи бир ҳафтадаёқ яхши бўлиб кетдик.

2010 йилда  муҳтарам Президентимизнинг «санъаткорларимизнинг эндиги кундаги асосий вазифаси – саҳнада давримиз қаҳрамонлари образини яратиш», деган даъватларига жавобан мен ҳам ҳаётда бўлиб ўтган воқеалар асосида пьеса ёздим. Асар матнини қайта ишлаб, бир қанча яқинларимга бериб, ўқитиб кўрдим. Пьеса ҳатто бир қанча мутахассисларга ҳам манзур бўлди.

Охир-оқибат менинг «Фаришта» асарим «Ангель» номи билан Фарғона вилоят рус драма театрида саҳналаштириладиган бўлди. Театр раҳбарияти бу асарга ўзим режиссёрлик қилишимни илтимос қилишди. Мен Фарғонага борадиган бўлдим. Водийга кетишимдан олдин асли бухоролик, ҳозирги кунда Тошкентда истиқомат қилаётган мухлисим ва дўстим Рамазон:

– Анча муддатга кетаётган экансиз. Кечроқ Гулчеҳра опани олиб Саламатинадаги ресторанга келсангиз, бир суҳбатлашиб дам олардик, – деди.

Биз кечга яқин айтган жойига етиб бордик. Уч соатдан кўпроқ вақт суҳбатлашдик. Суҳбат орасида Фарғонага боришимни, у ердаги Рус драма театрида ўзимнинг қаламимга мансуб асарни саҳналаштиришимни айтдим. Бу янгиликдан хурсанд бўлган Рамазон:

– Ҳалиги Россия халқ артисти Александр Абдулов ишлаган театрми? – деб сўради.

– Ҳа, унинг отаси ўша театрда умрининг охиригача ишлаган экан, – дедим.

Шундан сўнг Гулчеҳра кулиб:

– Мен ҳам сиз билан бораман, – деди. – Ҳеч бўлмаса овқатингиздан хабар олиб тураман.

Мен бир оз ўйланиб:

– Театр менга ҳали қанақанги меҳмонхонадан жой қилиб беришини билмайман. У театрнинг маблағ масаласи сал-пал яхши эмас экан. Ҳали мени ўзимга дурустроқ жой қилиб бериши ҳам амри маҳол. Меҳмонхонадаги жойлар қиммат. Қолаверса, мен у ерга ўйин-кулги учун эмас, ишлагани кетяпман. Бир ўзим бўлсам, ҳар қандай шарт-шароит бўлса ҳам чидайман, лекин сенга яхшироқ жой бўлмаса, чидай олмайсан, – дея эътироз билдирдим.

Шунда Гулчеҳрани ранги оқариб:

– Мени Фарғонага боришимни хоҳламас эканлар-да, – деди асабий ҳолатда.

Бир оз жимликдан сўнг дастурхонга дуо ўқиб, ўрнимиздан турдик. Мезбонлар бизни машинагача кузатиб қўйишди. Биз йўлга тушдик. Иккимиз ҳам анчагача ҳеч нарса демай сукутда бордик. Соат кечаси 11лардан ошган бўлса-да, кўчада машиналар жуда кўп эди. Мен ёшим ўтиб бораётганлиги учун кечалари машинани катта кўчаларда бошқаришга анча қийналадиган бўлиб қоляпман. Шундай бўлса-да, уловни ўрта тезликда, эҳтиёткорона бош­қариб бораётган эдим. Сукунатни Гулчеҳра бузди. У асабий ҳолатда, аммо босиқлик билан:

– Анави бундан чамаси ўттиз-ўттиз беш йил аввал гастролдалигимизда катта тоғорада манти қилиб келиб, ҳаммани сийлаган раққоса аёл ҳали ҳам театрда ишлаётганмикан?

Мен аввалига у ким ҳақида гапираётганини эслолмадим.

– Қайси раққоса ҳақида гапиряпсан?

У босиқлик билан:

– Ҳалиги ўғли сизга ўхшайдиган Фарғона театрида раққоса бўлиб ишлайдиган актриса бор эди-ку, – деди.

Шу гаплардан сўнг Марғилон истироҳат боғидаги воқеа эсимга тушди. Ўзимни босиб:

– Мен қаердан билай. Ўша воқеадан кейин у аёлни ҳам, ўғлини ҳам кўрганим йўқ, – дедим-да, музлай бошладим.

Орадан шунча йил ўтгандан кейин ҳам ўша актёрнинг қилган хурмача қилиғи Гулчеҳранинг эсидан чиқмабди-да. Ўзимни бироз босиб, Гулчеҳранинг гапларини эшитмасликка ҳаракат қилдим. Бир неча кундан кейин ҳаётимиз яна ўз йўлига тушиб кетди. Ахир халқимизда «Эр-хотин уриши – дока рўмол қуриши», деган гап бор-ку. Шундай бўлса-да, аёлим бу воқеага қайтиб қолишини биламан. Негадир баъзи бир инсонлар ҳаётида жуда кўп яхши дамлар бўлса-да, уларнинг хотирасида фақат ёмон нарсалар муҳрланиб қолади. Мен ҳар бир мухлисимни, ҳар бир китобхонни «Ўт балоси, сув балоси, айниқса, туҳмат балосидан Ўзи асрасин», дея дуо қиламан. Яратган Эгам яхшилик деган дастурхонидан ҳеч биримизни беризқ қолдирмасин".

 

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1