Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари, Илғор технология маркази директори Шаҳло Турдиқулова вакциналар яратилиши борасидаги талаблар ва тажрибалар ҳақида маълум қилди:
- Вакциналар яратилиши бўйича тўрт хил хусусиятга эга бўлади. Биринчиси, кучсизлантирилган SARS-CoV-2 вакцинаси бўлиб, организмга юборилганда вирус қайта фаоллашиши ҳамда коронавирус инфекциясини келтириб чиқариши мумкин.
Иккинчиси, м-РНК турдаги вакцина ҳимоя қобиғига ўралган коронавирус геноми фрагменти асосида яратилади. Бу янги технология бўлиб, олдин қўлланмаган. Инсон саломатлигига таъсири номаълум. -70°С ёки -80°С шароитда сақлаш лозим. Бироқ бундай имконият фақат махсус лабораторияларда мавжуд.
Учинчиси — аденовирус векторли вакциналар аденовирус асосида сунъий яратилган вирус ва коронавирус оқсилини кодловчи ген бўлагидан ташкил топган. Одам организмига коронавирус ДНК бўлаги киргач, коронавируснинг тузилиш оқсили синтезланади. Ёт ДНК бўлагининг одам геномига интеграциялашиш эҳтимоли мавжуд.
Тўртинчиси, рекомбинант оқсил вакциналари коронавирус ташқи оқсили биотехнологик усул билан синтезланиб олинади. Организмга юборилганда оқсилга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади. Бошқа турдаги вакциналар билан солиштирганда, энг юқори хавфсизлик профилига эга. Сўнгги ўн йилда кенг қўлланган вакцина тури ҳисобланади. Гепатит, папиллома, пневмония, менингакокк ва бошқа хасталикларга қарши иммунитет ҳосил қилиш учун қўлланган. Сақлаш шароити ҳам мавжуд имкониятларга мос: +2°С дан +8°С гача муҳитда сақлаш мумкин.
“ZF 2001” вакцинаси рекомбинант оқсил вакциналари туркумига мансублиги ҳамда ножўя таъсирлар юзага келиши бошқа турдаги вакциналарга нисбатан камлиги инобатга олиниб, унинг клиник тадқиқотларини ҳамкорликда ўтказишга қарор қилинди. Мазкур вакцинанинг бир ва икки босқичли клиник синовлари натижаларига кўра ножўя таъсири 0,3-0,5 фоиздан кам бўлган.