1

Юрагимда сақлаганларим:“Сабринг олдида бош эгаман, жуфти ҳалолим!”

МУТОЛАА 25.02.2016, 14:02
Юрагимда сақлаганларим:“Сабринг олдида бош эгаман, жуфти ҳалолим!”

Ҳозиргина шифокорлар менга қўйган ташхисни ўқиб чиқдим ва умрим қанча қолганини тахмин қилдим. Шифохонадан ёзаётган ушбу хатимни эса албатта босиб чиқаришингизни сўрардим. Аниқ биламан, худди мендек тўғри йўлдан адашиб, ўзини ҳамиша ҳокими мутлақ санайдиган, сўнг боши деворга урилиб, пушаймон ейдиган эркаклар жуда кўп. 

— Иссиқ чой ичиб оласизми? — Зулфия палатага чойнак кўтариб кириб келди. Мен хатимни кўрпа остига беркитдим. Бечоранинг кўзлари шишиб, қизариб кетибди. Шифокорлар билан гаплашган бўлса, ачиниб йиғлаганми?..

— Раҳмат. Уйга кетавер, бугун анча яхшиман-ку! 

— Ҳа, бормасам бўлмайди, келин ҳам ёш болалари билан қийналаётгандир. Эртага келаман. Кечқурун Сарварни юбораман. 

— Зулфия... Эртага бирорта нотариусни шу ерга чақириб кела оласанми? 

У индамади. Гап нима ҳақда кетаётганини билди, шекилли. Индамай, бошини силкиб, чиқиб кетди. Тўғриси, эркак бўлсам ҳам уввос солиб йиғлагим келди. Нима учун? Чунки мен Зулфияни “онаси” деб айтолмайман, у менга “дадаси” деб мурожаат қилолмайди. Сарвар ёки келинни “ўғлингиз, келинингиз” деёлмайди. Яна, энг ёмони, бир оғиз “Нотариусни нима қиласиз, ёмон хаёлларга борманг?!” дегиси келмади. Чунки ўртада алоқалар узилган 18 йил бор! 18 йил-а! Мен бу ердан кетганимга 18 йил бўлди, қайтиб келганимга эса 1 йилдан ошди. Кетаётган пайтимда энг кичик қизим бешикда ётадиган чақалоқ эди, энди ҳар куни унга совчи келаяпти. Ўтган умримга ачинаман, уч боламнинг улғайиш йилларини кўрмадим, Зулфияни неча марта алдадим, “Ана қайтаман, мана, пул жўнатаман”, деб қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирдим. 

Туппа-тузук жойда ишлардим. Топиш-тутишим бошқаларникидан яхши, чунки катта бир бошлиқнинг ёрдамчиси эдим. Унинг кирдикорлари фош этила бошлагач, бир чеккасига мени ҳам улаб кетмасин, деб ишдан бўшаб олдим. Биринчи бўлиб хорижий русумдаги машина ҳайдаган, номида иккита уйи, шаҳарнинг икки бурчагида икки хотини бор, ўзидан ҳам овози баланд мендек эркак учун ишсиз ўтириш жуда алам қилди. Оддий ишларга тоқат қилолмасдим. Хорижга кетиш мақсадига ёпишиб олдим. Ўша пайтларда бу тарзда “бахт қидириб кетиш” жуда урф бўлганди. “Голландия ёки Германияга ишга жўнатамиз”, деб ваъда берувчилар ҳам кўпайиб кетганди. Бир дўстим билан келишдик, тирикчилигимни юритиб турган машинамни сотиб, пулини бизга “Ишчи визасини олиб бераман, иш билан таъминлайман”, деб ваъда берган фирибгарга олиб бориб бердим. Ўртоғим у ерга боргандан кейин ишлаб, қарзини қайтармоқчи бўлди. Орадан 2 ой ўтиб, на фирибгарни ва на дўстимни топа олдим. 

Кейинчалик менинг пулимга иккаласи ҳам ўзи учун виза олиб, кетиб қолгани маълум бўлди. Уларни қидириб топиш, аламимни олиш ва Европада ишлаш мақсадида танишимдан қарз кўтардим. Бу сафар ҳам энг яқин дўстимнинг опасидан алдандим. Қарз ботқоғи ёмон домига торта бошлади. Зулфия ўқишни битириши билан кетма-кет уч бола туғиб, ҳеч қаерда ишламасди. У шўрлик собиқ ишхонамдан топган маъшуқам ҳақида умуман билмасди. Униси, яъни Марям эса ўзини-ўзи боқа олгани, етмаганига бекитиқча сотиб олган 1 хонали уйимни унга топшириб қўйганим учун кўп нарса талаб қилмасди. 

Охири 3 хонали уйни кичигига алмаштириш пайига тушиб қолдим. Уйни сотдик ҳам, икки хонали уй топиб, сотиб олгунча ўтган вақт ичида бирданига шаҳарда уйлар нархи уч бараварига кўтарилиб кетди. Энди қўлимдаги пул билан фақат бир хонали уй олишга қурбим етарди. Кетма-кет омадсизликлардан сиқилиб, ичкиликка ружу қўйдим. Ижара уйда яшаб турганимиз, ётиб еганга тоғ чидамагани учун қўлимдаги пулнинг ҳам чўғи камая бошлади. Отам вақтли ўтиб кетган, онам яшаётган ҳовлида шундоқ ҳам икки укам бола-чақаси билан турар, у ерга кўчиб боришнинг имкони йўқ эди. Шунда қайнонам, яъни Зулфиянинг онаси “Бизнинг ҳовлимиз катта, ижарада яшаб, хор-зор бўлгунча шу ерда туринглар”, деб ўз уйига кўчириб олиб келди. Мен оилани боқиш учун қўлимдаги охирги пулга машина сотиб олдим. Озгина вақт киракашлик қилиб юрдим. Ичкуёвлик, болаларнинг ташвиши, бунинг устига, хотинимнинг маъшуқам борлигидан хабар топиши — ҳаммаси мени муаммолардан қочишга ундарди.

Нима қилдим денг? Марямга нарсаларни йиғиштиришни буюриб, “Россияга кетамиз, ўша ерда янги ҳаёт бошлаймиз”, дедим. У таклифимга кўнмади, уйни бўшатишни ҳам истамади. Яхши гаплар билан авраб-алдаб, “Омадинг келади, кетавер. Менинг у ерда танишларим бор, ёрдам беради”, деб жўнатиб юборди. Ўшанда Зулфия орқамдан зор-зор йиғлаб қолди. “Болаларим учун кечирдим сизни”, деди. Лекин уй-жойсиз қолганимиз учун биримиз икки бўлишига ишониб, оқ йўл тилади. Шундай қилиб, мен Россияда 8 йил қолиб кетдим. 

Эшшакдек ишлаб, кечқурун ароққа тўйиб, маишат қилиб яшашга ўргандим. Нега қайтмадим ёки болаларим учун ҳеч бўлмаса, пул жўнатиб турмадим? Чунки у ерда ҳам бошқа хотин ва битта ўғил орттиргандим... Йўғимда бу ердагилар нима қилишди? Билганим: хотиним уч боласи билан акасининг 1 хонали уйига кўчиб бориб, минг азобда қийналиб рўзғор тебратган. Марям бўлса, ҳеч ким билмайдиган уйимда тараллабедод қилиб яшайверган. Менга қўнғироқ қилиб, қўрқитгани-қўрқитган эди: 

“...Ишхонада бошлиқнинг кетидан кўпчилик қамалиб кетди, сохта ҳужжатларда иштирокинг борлигини айтишибди, келсанг, муаммо кўпаяди”, деб. Орадан 8 йил ўтиб, биринчи марта қайтганимда болаларим кап-катта бўлиб қолишганди. Кичкина қизим мени суратларда кўргани учун “Адажоним, адажон!” деб дарров ёпишди. Зулфия ва ўғлим билан катта қизим ётсираб, чеккада туришарди. Совға-саломлар, бозор айлантиришлар, ресторанга олиб боришлар орқасидан уларнинг ишончига киргандек бўлдим. Хотинимнинг яхши жойда ишлаб, танишлари кўпайгани ғашимга тега бошлади. Мен уйда ўтираман, у бўлса ҳар куни ишга кетади. Бир куни таксидан тушиб келаётганини билсам ҳам, атай жанжал кўтардим. 

— Ўйнаш орттирдингми? Намунча кеч келяпсан?! 

— Мен сизга ўхшаган эмасман, иккита паспортим ва уч хотиним йўқ менинг!

“Нарсаларимни кавлаган ҳали сенми?” деб аламимдан чиққунимча дўппослаб урдим уни. Уй менга тегишли бўлмаса ҳам, мастликда нима қилаётганимни билмай, совуқ кунда болаларимни ҳам қўшиб кўчага ҳайдадим. 

Эртаси куни Зулфиянинг қўли сингани, у мени милицияга бермоқчилиги маълум бўлди. Марямникига қочдим. Шундай бўлиши аниқ эди: у бошқа эркак билан яшаётган экан! Иккаласини ҳам уйдан ҳайдаб чиқардим. Сўнг уйимни ижарачиларга бериб, яна Россияга кетдим. Мақсадим, бир-икки йилдан кейин уйни сотиб, бутунлай бу ерлардан бош олиб кетиш, Тимур деб исм қўйган хориждаги ўғлим ва бошқа миллатгша мансуб хотиним билан тинч яшаш эди. Ҳаётнинг қасдини қарангки, у ердаги хотинимни хиёнат қилаётгани устига кириб бордим. Сўнгги сўз ўрнида айтгани шу бўлди: “Ажаб бўпти, 8 йилдан бери боқаётган боланг, сеники эмас, у мана шу эркакдан бўлган!” 

Шундай қилиб, мен яна ўн  йил ташимда бўйдоқдек эркин-у, ичимда ҳаммасини бой берган ва шунга муносиб бўлган аблаҳлигимни тушуниб яшадим. Энди куч-қувватим ҳам аввалгидек эмас, кун кечириш учунгина ишлар эдим. Ичкилик ичимни ўйиб битирган, ҳеч нарсага қизиқишим ҳам йўқ. 

Ўтган йили укам қўнғироқ қилди: “Ака, онамизда саратон касаллиги бор экан, дўхтирлар умри оз қолган, дейишяпти. Сизни кўраман, деб йиғлаяпти”. Борганимдан кейин 1 ҳафта ўтиб онамнинг жони узилди. 

Жаноза, фотиҳа маросимларига Зулфия ва болаларим ҳам келишди. Мени биринчи ва охирги марта 8 ёшида кўрган кенжа қизим билан ҳовлининг ортига ўтиб йиғлаб кўришдик... У менга кўп гапларни айтиб берди. Онаси жуда қийналганини, ишга ва ўқишга пиёда бориб, тушликсиз қайтишганини, ўртоқлари “Адангнинг уч хотини бор, сенларни ташлаб кетган”, деб калака қилганини, хуллас, барча аламларини тўкиб солди. 

Шунақа гаплар. Мени бу шифохонага Зулфия олиб келиб ётқизди. У билан учрашиб, 1 хонали уйим борлиги, катта ўғлим номига ўтказиб бермоқчи эканим ва яна ортимга қайтиб кетишимни айтдим. Кетаётганимда мазам йўқлигини билиб, қорним шишиб, сарғайганимни кўриб, аҳволимни суриштирди. Қон туфлаётганимни эшитиб, шифокорларга текширтирди. Менга жигар циррози ташхисини қўйишди!

Зулфия нега менга меҳрибонлик қиляпти? Фақат уй дардидами? Йўқ, назаримда ундай эмас, ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам ундан миннатдорман. Ҳозир иссиқ-совуғимдан хабардор бўлиб турибди, шукр. Агар ўлиб-нетиб қолсам, ерга қўядиган, тепкилаб кўмадиган ўғлим бор, гарчи унга эплаб оталик қилмаган бўлсам ҳам. Ортимдан йиғлайдиган қизларим бор. Ҳаётга келиб, бирдан-бир қилган яхши ишим шу оқила аёлга уйланганим экан, у менга сабрли, ақлли, кечиримли фарзандларни туғиб, тарбиялаб берди. Фақат шугина юрагимга таскин беради...

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1