АсосийSalomatlik

Болаларда нафас аъзо касалликларининг олдини олиш учун қандай дори воситаларидан фойдаланиш керак? Шифокор жавоб берди

'Болаларда нафас аъзо касалликларининг олдини олиш учун қандай дори воситаларидан фойдаланиш керак? Шифокор жавоб берди'ning rasmi

Болалар бош пульмонoлоги, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фурқат Шамсиев ССВ билан суҳбатда болаларда нафас аъзо касалликларинит олдини олиш учун қандай дори воситаларидан фойдаланиш кераклиги ҳақида гапирди. 

— Касалликдан даволаниб чиққан бола улғайгач, касалликлар асорати қайталамайдими?

— Бу боланинг қандай касаллик билан касалланганига боғлик. Енгил респиратор касалликлар билан касалланган болаларда кейинчалик деярли ҳеч қандай асоратлар кузатилмайди. Аммо иммун тизими сустлашган ва ҳамроҳ касалликлари бўлган болаларда асоратлар учраш эҳтимоли юқори.  Болаларда қон айланиш ва ҳимоя тизимининг яхши ривожланганлиги сабабли касалликнинг сурункали шаклига ўтиши кам учрайди, лекин бола атрофдаги одамлардан доимий равишда “бактериал озиқланиш” оладиган бўлса, сурункали касаллик хавфи бир неча бор ортади.

Шунинг учун касалликни болаларда ўз вақтида даволаниши келажакда (улар катта бўлганда) бир қатор ички аъзо ва тана тизимларининг оғир асоратлари профилактикаси бўлиб хизмат қилади.

— Болалар нафас аъзолари касалликларини даволаш жараёнида қандай препаратлар қўлланилади? Улар орасида шифокор ретцептисиз бериладиганлари ҳам борми? Нега?

— Нафас олиш аъзолари касалликларида қўлланиладиган дори воситалари турли ва мураккаб характерга эга бўлиб, касалликнинг сабабларини енгишга (этиотроп терапия), касаллик аломатларини йўқотишга (симптоматик терапия), шунингдек, тана аъзолари тизимини тиклашга (қўллаб-қувватловчи терапия) қаратилган дори воситаларидир. Муайян касалликни даволаш учун дори воситалари индивидуал танланади ва беморнинг ташхисига, аҳволига қараб фақат шифокор томонидан белгиланади.  

Ҳозирда балғамнинг ёпишқоқлигини пасайтирадиган ва унинг реологик хусусиятларини яхшилайдиган дори воситалари — мукоактив дорилар воситалари (муколитиклар, балғам кўчирувчи) кенг қўлланилади.

Бугун ҳужайра ичидаги патогенлар, микроорганизм бирикмалари, антибиотикларга чидамли бўлган бактериал штаммлар сони ортиб бораётгани хеч кимга сир эмас.  

Бошқа томондан, антибактериал дори воситаларини тайинлашда болаларда аллергик касалликлар сонининг доимий ўсиб боришини ва антибактериал дориларга аллергик реактцияларни ҳисобга олиш лозим. Шунинг учун антибактериал дори воситаларини тайинлашда қатъий қонун-қоидаларга риоя қилиш зарур. Антибактериал дори воситалари фақатгина рецепт билан берилишини таъминлаш керак, чунки кўпгина оналар фарзандларига шифокор билан маслаҳатлашмасдан антибактериал дори воситаларини нотўғри қўллаши натижасида антибиотикларга чидамли бўлган бактериал штаммларнинг кўпайишига ва болани оғир аҳволда шифохонага олиб келинишига сабаб бўлади. Шунга асосланиб, сўнгги йилларда болаларда нафас аъзолари касалликларини даволашда машҳур бўлган пенициллин ва цефалоспоринларга самарали алтернатив бўлган янги замонавий макролидли антибиотиклардан тобора кўпроқ фойдаланилмоқда.  

Бошқа янгиликлар