Тошкентда транспорт ҳаракатини енгиллаштириш ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Шота Руставели кўчасининг 7 километрлик қисми тўлиқ қайта қурилди. Эндиликда йўл 10 та қатнов қисмига бўлинган бўлиб, уларнинг 6 таси автомобиллар, 2 таси автобуслар ҳаракати учун, қолган 2 таси эса тўхташ жойи сифатида мўлжалланган.
Давлат раҳбари янги қулайликларни шахсан синовдан ўтказиб, йўловчилар билан суҳбатлашди. Мазкур йўлда Тошкентда илк бор БРТ — тезкор автобус йўлаги тизими жорий қилинди. Бу жамоат транспорти ҳаракатини тезлаштириб, соатига йўловчилар оқимини 2,5 мингдан 6 минг нафарга оширди.
19,2 миллион долларлик лойиҳа натижасида суткада 40 мингта автомобиль ўтиш имконияти яратилган, ўртача тезлик эса 23 км/соатдан 30 км/соатгача ошган. Йўл хавфсизлиги кучайиб, авария ҳолатлари камайгани қайд этилди.
Лойиҳа доирасида 21 та янги бекат, 463 та “ақлли” светофор ва интеллектуал транспорт тизими ўрнатилди. Шунингдек, велойўлаклар, яшил ҳудудлар ҳамда суғориш тизимлари барпо этилди.
Президент пойтахтда ажратилган автобус йўлакларини кенгайтириш ва шаҳар атрофида транспорт боғламалари ташкил этиш бўйича янги лойиҳалар билан танишди ҳамда Тошкентни Янги Тошкент билан самарали боғлаш юзасидан топшириқлар берди.
“Агар метро ва автобуслар бўлмаганда, бугун Тошкентда транспорт қатнови жуда қийин бўларди. Одамлар розилиги учун йўлларни тартибга келтиряпмиз, жамоат транспортини ривожлантиряпмиз. Бу ишлар барча шаҳарларимизда давом этади”, — деди Президент.