1

Юрагимда сақлаганларим: “Қариндошга қиз бериб куйдим...”

МУТОЛАА 26.03.2016, 15:21
Теглар: Хикоя
Юрагимда сақлаганларим: “Қариндошга қиз бериб куйдим...”

Оила ҳар биримизнинг мустаҳкам қўрғонимиз ҳисобланади. Ҳаёт ўнқир-чўнқирлардан иборат бўлганидек, бу қўрғонда нималар рўй бермайди, дейсиз. Азалдан эркакларни оиланинг асосий устунлари санаймиз. Баъзида эса ана шу устунларнинг ўзи нотўғри ҳаракати билан оиладаги муносабатлар дарз кетишига сабаб бўлади. 

“Юрагимда сақлаганларим” рукнига Хоразм вилоятидан мактуб йўллаган отахон қизининг оиласида рўй берган воқеаларни баён қилган. Бу воқеа ҳам кимларгадир сабоқ, бошқаларга оиласидаги вазиятни босиқлик билан ҳал этишига туртки бўлса ажабмас, деган ниятда чоп этмоқдамиз. 

...2009 йилда яхши ниятлар билан қизим Дилдорани ўз туғишган укамнинг ўғлига келинликка узатдим. Бегона эмас, яқиним билан қуда бўлганимдан бир томондан кўнглим тўқ эди. Ўшанда кўпчилик “яқин қариндошсизлар, яхшилаб ўйлаб иш тутинглар, турмушда паст-баландликлар бўлади”, дейишганида эътибор бермай, "ака-ука бўлсак, бир-биримизни қўллаймиз”, деб ўйлагандим. Лекин ҳаёт биз ўйлагандек бир текис кечмас, ўз қондошингиз билан юзкўрмас бўлиб кетиш ҳам ҳеч гап эмас экан. Мана, мен ҳозир ана шундай аҳволдаман. Қизимнинг оиласидаги нотинчликлар мени ташвишлантиряпти. 

2015 йил декабрининг бошларида тушга яқин уйимизга укам, яъни қудам кириб келди:

— Қизингиз билан ўғлимнинг орасида сал гап қочиб қолибди. Мен орага тушиб, қизингизни бир оғиз уришгандим, ўзимни ўлдираман, деб айтди. Бориб қизингиз билан гаплашиб қўймасангиз бўлмайди, - деди. Мен ҳайрон бўлдим. Ўзим боришга нимагадир оёғим тортмади. Қон босимим ошиб, мазам бўлмай турганди. 

— Бориб синглингдан хабар олиб кел-чи, нима гап экан, - деб катта қизимни жўнатдим. Анча пайт ўтса ҳам, улардан дарак бўлмади. Кечга яқин катта  қизим қайтиб келди. 

— Нима гап экан, Дилдора қани?

— Унинг қўли, оёғи чиққан, бошқа жойлариям кўкариб кетган, лат еган. Табибга олиб бордик, қўлини чиққан жойига солди, танасидаги кўкарган жойларни кўриб, буни тезда шифокорга олиб бориб, рентген қилдириш керак, суяк синган ёки ёрилган бўлиши мумкин, деди. Амакимни бу даражага боради, деб ўйламагандим... Дилдорани калтак билан урибди...

—  Нималар деяпсан?.. Нега ураркан, сўрадингми ўзидан?..

Маълум бўлишича, жанжал кўтарадиган гап ҳам бўлмаган экан,  аслида. Эрталаб қизингиз тўйга бориш учун қайнонасидан рухсат сўрабди. Лекин қайнонаси рухсат бермапти. Дилдора аразлаб ичкарига кириб кетибди. Шу пайт куёв келиб қолиб, уйга кириб унга бақирибди. 

— Нега ётибсан? Тур, ўрнингдан, идишларда сув йўқ, қудуққа бориб сув олиб кел! 

— Ҳа, фақат иш буюришни биласиз, мени ёзин-қишин қулдай ишлатасиз... Бир кунга аммамникига бораман, десам, рухсат бермадингиз. Сувни ўзингиз олиб келсангиз бўлмайдими? 

— Олиб келмасанг, олиб келма, ўзим бораман... — деб эри иккита челакни кўтариб кетишга чоғланаётган экан, онаси ўғлини тезлаб:  

— Хотинингга иш буюриб қилдира олмайсан, қанақа эрсан ўзи? – деб жанжалга аралашибди.  Онасининг гапи билан куёв челакни қўлидан қўйиб, хотинининг устига бостириб кириб, уни аёвсиз тепкилай бошлабди. Зарбаларга чидолмаган қизингиз ташқарига югуриб чиқиб, аламдан тўлиб тургани учун ҳовли бурчагида турган арқонга кўзи тушиб, уни қўлига олибди.  

— Ўзимни ўлдираман, бундай яшаш жонимга тегди, — деб молхона томонга йўл олибди. 

Ичкаридан югуриб чиққан қайнотаси тандир ёнида ётган узун таёқни олиб, югуриб бориб келинни жон-жаҳди билан савалай бошлабди. Қизим, “бўлди ота, тавба қилдим, урманг” деганига қарамай, “ҳали сенми ўзини осадиган” деб баттар калтаклабди. Етмаганига молхонага судраб кириб, яна дўппослабди. Отасининг важоҳатидан қўрқиб кетган куёв югуриб келиб унинг қўлидаги таёқни тортиб олмоқчи бўлганида: 

— Сенга хотин керак бўлиб қолдими? Хотинингни тарафини олиб, отангга қўл  кўтармоқчи бўляпсанми, —  деб ўғлига ҳам бақирибди.

— Ўлгинг келаётган бўлса, бор, ана отангникига бориб ўл, бизга оғирлигинг тушмасин, — деб дўқ урибди қайнотаси. Ўзи бир аҳволда жони оғриб ётган Дилдора:

—  Майли, мени отамникига олиб бориб қўйинглар, —  деб ялинибди....

...Катта қизимдан бу гапларни эшитиб, жуда ғазабландим. Олдин ҳам уларнинг оиласида кичик жанжаллар бўлиб турарди, куёвим қизимга қўл кўтаришини ҳам билардим. 

Ҳамма оиладаям бунақа келишмовчиликлар бўлади, ўзлари келишиб кетишар, деб индамагандим. Бу галгиси ошиб тушди. Қайнота келинни урса, бу нима деган гап? Жуда ҳаддидан ошиб кетибди укам. Ҳозир борсам, мен ҳам ғазабдан бирор ножўя иш қилиб қўяман, деб, маҳалла оқсоқолига бориб учрашдим. Қизимникига борсак, шифокорга олиб бориш масаласида қайнота ҳам, эр ҳам жим.   

— Қизимни ўзим шифохонага олиб бораман, — дедим.

— Йўқ, сиз аралашмай туринг, ўзимиз олиб борамиз, деб мени яхши гапириб уйга жўнатиб юборишди. 

Ўша куни келинни уйда олиб ўтириб, эртасига докторга олиб боришди. Туман марказий шифохонасидагилар келинчакнинг аҳволини кўриб, нима бўлганини тахмин қилиб, уни сўроққа тутишган. Шунда қизим оиласининг кейинги тақдирини ўйлаб, бўлган воқени айтмасликка қарор қилибди.

— Молхона томига чиқмоқчи эдим, нарвонда оёғим сирпаниб кетди, тепадан йиқилиб тушдим, — дебди. 

Унинг гапига ишонмаган шифокорлар туман ИИБга хабар беришган. Қизим эса йиқилиб тушдим, деган гапида тураверди. 

Эртасига қизимни кўргани шифохонага бордим.  

— Отажон, илтимос, қайнота-қайнонамга, эримга ҳеч нима деманг, милицияга  ҳам улар устидан шикоят қилманг, — деб ялинди. — Ота, илтимос, оилам бузилиб кетишини истамайман, — деб йиғлади. 

Шифохонадан чиқиб, уйга кетгунча қизимнинг йиғлаб айтган гаплари кўз олдимдан кетмади. Маҳалламизга кираверишда мўйсафид чоллар йиғилиб турган экан, уларга маслаҳат солсам:

— Қизинг тўғри айтяпти, невараларингни ҳам тирик етим қилмай десанг, уларнинг устидан даъво қилма, деб тайинлашди. Қудаларимдан жуда дарғазаб бўлиб тургандим, лекин ўзимни босиб, уларга даъво қилишдан бош тортдим. 

Туриб-туриб, жуда алам қиляпти. Нега улар жазосини олмаслиги керак, деб хафа бўламан. Қизимдан ҳам хатоликлар ўтгандир, лекин оиланинг катталари бу даражага бормаслиги керак эди. 

Айни ўша кунлари, декабр ойи бошларида ҳурматли Президентимиз 2016 йилни “Соғлом она ва бола” йили деб эълон қилдилар. Бу гапларни эшитиб, ўз-ўзимга ачиниб кетдим. 

Мана, оналар ва болаларга давлатимиз қай даражада эътибор кўрсатяпти! Биз эса арзимаган баҳоналар билан келинларимизни уриб, майиб қилиб ўтирибмиз. Менинг қудаларимга ўхшаб, айримлар ўз келинини майиб қилса, у қандай соғлом она бўла олади? Қандай қилиб келажакда фарзандларини тарбиялайди? Уларга қандай ғамхҳрлик қилади?

Қариндошга қиз бериб, катта хато қилганимни тушуняпман. Бегона бўлганида бу даражага бормасмиди?.. Ўйлаб-ўйлаб, сизларга мактуб ёзишга қарор қилдим.? Ўзимни қандай овутишни билмай, сизлардан маслаҳат сўрамоқчиман.

Шарҳлар

Йигирма йил кутилган бахт

16.01.2017, 14:47

— Турмуш қурганимизга йигирма йил бўлди, — деди таҳририятга қўнғироқ қилиб ўзини Динора опа деб таништирган мухлисамиз. — Турмуш ўртоғим иккимиз институтда ўқиб, севишиб, ота-онамизнинг...
Келин қул деганими?

13.01.2017, 15:24

Шаҳло қайнонасининг қадам товушларидан уйғониб кетди. Эндигина кўзи илинганди-я. Қизини ухлатиш қийин, ёшига тўлмай сунъий овқатга ўргатгани учун бир дарди икки бўлган. Шаҳлонинг ўзи белида...
«Севганим чиройли…»

12.01.2017, 16:28

Турмуш ўртоғинг чиройли бўлса ҳам қийин экан. Атрофдаги аёллар ундан кўз узмай туришига чидаш осонми? Бундай вазиятда рашк қилиш, кўз ёш тўкиш, кетаман деб қўрқитиш...
«Дадам ва онамни яраштирганим…»

11.01.2017, 11:26

Макр ишлатиш аёлларга хос, дейишади. Аммо ёш бўлишимга қарамай, мен ҳам макрдан фойдаландим. Буни ёмонликка йўйманг. Оиламизни сақлаб қолиш учун қилдим буни… Бир бошидан айтиб...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1