Ўтган йили бошланган коронавирус пандемияси ҳамон жаҳон иқтисодиёти ғилдиракларини орқага тортиб турибди. Айниқса, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини бамисоли тушовлаб қўйди. Бу эса иқтисодиёти шу икки устунга таянган давлатларни анчайин мушкул аҳволга солмоқда. Бироқ ҳеч бир мамлакат бунга қўл қовуштириб қараб тургани йўқ. Глобал инқирознинг салбий таъсирларини камайтириш, иқтисодиётни тиклаш бўйича турфа чора-тадбирларни ишлаб чиқяпти. Жумладан, Ўзбекистон ҳам. Шундай бўлса-да, “коронакризис”ни юмшатиш, ундан чиқиш осон кечмаётгани бор гап.
Эртанги иқтисодий манзарага бугунги чизгилар
Коронавирусдан сўнг минтақамизда қандай иқтисодий манзарага гувоҳ бўламиз? Иқтисодиёт тармоқларида тикланиш қанчага чўзилади? Молиявий барқарорликни сақлаш учун қанақа йўл тутган маъқул?
Халқаро молия институтларининг таҳлилларига қараганда, Марказий Осиёда тикланиш жараёни барча давлатларда бир хил кетмаётган бўлса-да, минтақа миқёсида айтганда, умумий прогноз яхши томонга ўзгаряпти. Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари 2021 ва 2022 йилларда минтақада иқтисодий ўсиш 4,5 фоизни ташкил этишини прогноз қилишмоқда. Хом-ашё нархлари ўсиши ва халқаро пул ўтказмалари тикланиши ҳисобига шундай натижага эришилиши кутиляпти.
Биз учун муҳим жиҳати мазкур молия муассасаси 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 5,6 фоиз, 2022 йилда эса 6 фоиз ўсишини прогноз қилганидир. Банкнинг “Минтақавий иқтисодий истиқболлар” ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистон иқтисодиётининг хизматлар, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги сингари асосий тармоқларида ўсишга эришилади.
Демак, “коронакризис”ни енгиб, мамлакат иқтисодиёти тикланишида ушбу соҳалар “драйвер”га айланади.
8,1 фоизлик ўсиш ҳақиқатга қанчалик яқин?
Эътироф этиш керакки, 2020 йил якуни бўйича Ўзбекистон иқтисодиёти рецессиядан қутилиб, ижобий динамикани сақлаб қолди.Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,6 фоиз ўсиб, 580,2 трлн. сўмни ташкил этди. Дунёнинг аксарият давлатларида иқтисодий пасайиш кузатилган бир пайтда кам фоизли бўлса-да, ўсишга эришилгани макроиқтисодий барарорликни таъминлаш бўйича кўрилган тезкор чоралар ўз самараларини берганини тасдиқлайди, албатта.
Бугун аксарият маҳаллий ва хорижий экспертлар Ўзбекистон иқтисодиётида ўнгланиш суръатлари жадаллашишини айтишмоқда. Бунинг асосий омил ва жиҳатлари ҳам санаб ўтилмоқда. Масалан, “J.P. Morgan” инвестиция банки яқинда эълон қилган “Ўзбекистон: қуёш каби кўтарилиш” (“Uzbekistan: Soum’er Solstice”) номли таҳлилий ҳисоботида Ўзбекистон сўнгги 20 йил ичида Ўрта Осиё, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Африка (CEEMEA) мамлакатлари орасида юқори ва барқарор ўсиш суръатига эриша олган саноқли мамлакатлардан бири бўлганини эътироф этди. Энг асосийси, ҳисоботда Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 8,1 фоиз, 2022 йилда 6,3 фоиз ўсишга эришиши келтирилади.
Очиғини айтиш керак, келтирилган ушбу рақам Халқаро валюта жамғармаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари прогнозларидан анча юқори. Шундай экан, бу қанчалик асосли ва бунга қандай эришилади?
Банк экспертларининг фикрича, 2021 йилги иқтисодий ўсишга, асосан, қурилиш ва саноат тармоқлари салмоқли ҳисса қўшади.
Юксалиш “драйвер”лари
Чиндан ҳам, қурилиш индустрияси пандемия деярли таъсир қилмаган кам сонли соҳаларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистонда қурилиш ишларининг кўлами кенгайиб бораётгани ушбу соҳа билан бевосита боғлиқ бўлган қурилиш материаллари саноати, хизмат кўрсатиш каби соҳалари ривожига ҳам катта туртки бўлаётир. 2020 йил якунлари бўйича қурилиш соҳасида 9,1 фоиз ўсиш суръати таъминлангани кўп нарсани англатади.
Эътиборлиси, мазкур жабҳадаги юқори динамика 2021 йилда ҳам сақланиб турибди. Аниқроғи, шу йилнинг дастлабки беш ойида 37,3 трлн. сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, 2020 йилнинг мос давридагига нисбатан ўсиш суръати 0,9 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистоннинг ҳозирги иқтисодий ҳолатини таҳлил қилар эканмиз, ростан ҳам,қурилиш, саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқлари иқтисодий юксалиш “драйвер”ларига айланишига ишонч ҳосил қиласан, киши. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, биргина 2021 йилнинг январь-май ойларида саноат ишлаб чиқариш физик ҳажми индекси 8,2 фоиз, қурилиш ишлари ҳажми 0,9 фоиз, чакана савдо товар айланмаси 11,0 фоиз, хизматлар ҳажми 20,9 фоиз ўсган.
Қолаверса, ташқи савдо айланмаси ҳам барқарорлашмоқда. 2021 йилнинг беш ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 14,6 млрд. АҚШ долларига тенг бўлди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 млрд. АҚШ долларига кўпайди ёки ўсиш суръати 13,2 фоизни ташкил этди, деганидир.
Олтин нархи пасайишининг таъсири қандай бўлади?
“J.P. Morgan” олтин нархи 2022 йилга бориб 1 350 долларгача тушиши мумкинлигини тахмин қилар экан, бу Ўзбекистон жорий операциялари ҳисоби тақчиллиги 2021 йилда ЯИМга нисбатан 4,5 фоизни, 2022 йилда ЯИМга нисбатан 8,5 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда.
Олтин қазиб олиш бўйича дунёнинг ТОП-10 та мамлакати қаторига кирган давлат учун бу яхши сигнал эмас, албатта. Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон Олтин Кенгаши маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистон тарихида илк марта 100 тоннадан зиёд (101,6 тонна) олтин қазиб олиниб, жаҳон рейтингининг 8-поғонасидан жой эгаллаган.
Бироқ экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон суверен халқаро облигациялари нархлари макроиқтисодий ҳолатнинг яхшиланишига хизмат қилади. Хусусан, амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар инвесторлар диққат-эътиборини ушлаб, мамлакат инвестициявий жозибадорлигини ошириши мумкин.
Умуман олганда, Ўзбекистон учун “коронакризис”нинг энг оғир дамлари ортда қолмоқда. Иқтисодий тикланиш жараёнлари тезлашиб, барқарор ўсиш суръатларига мустаҳкам пойдевор ташланмоқда. Бу эса нафақат иқтисодиёт тармоқлари тараққиётида, балки аҳоли даромади ва турмуш даражасида ҳам тез орада сезила бошлайди.
Асрорбек НЕЪМАТОВ