Ва ниҳоят селфи-таёқларга муносиб рақиб бўла оладиган гаджет яратилди, деб хабар беради “Вести” нашри.
Селфи ишқибозлари учун манзур бўладиган ва селфи-таёқларни техника бозоридан сиқиб чиқариши кутилаётган қурилма селфи-дрон дея номланади.
“ROAM-e”—селфига тушириш учун мўлжалланган ва мустақил учиб юрадиган аппарат ҳисобланади. У ҳозирда оммалашган селфи-таёқлардан анча қулай.
Дрон смартфон эгаси атрофида мунтазам равишда учиб юришга қодир. У сизни суратга туширади ва воқеа жойидан онлайн-трансляция олиб боради. Дрон технологияси фойдаланувчини ҳамма вақт кадрда кўрсатиб туради.
Агар дрондаги “Ортимдан кузат” функцияси ёқилса ROAM-e эгасидан уч метр узоққа учиб кетмайди. Анъанавий режимда селфи-дроннинг учиш радиуси 25 метргача етади. Яъни у сизни 25 метр узоқликдан ҳам суратга олаверади.
Қурилмада панорама режими ҳам кўзда тутилган. Яъни у сизни 360 даражада айлантириб, суратга олади.
Дрон 20 дақиқа учиб юришига етадиган аккумулятор билан таъминланган. Бироқ, унинг камчиликларидан бири аккумуляторни тўлдириш учун яна икки соат керак бўлади.
Селфи дроннинг бошланғич нархи 349 доллар деб баҳоланган.