Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги Ўрта Овул маҳалласида хонадонлардан бирида портлаш юз берди. Ҳодиса оқибатида бир оиладан тўрт нафар инсон ҳалок бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 1996 йилда туғилган эркак ва унинг уч нафар фарзанди портлашдан кейин келиб чиққан ёнғин туфайли вафот этган. Оиланинг аёли ҳамда эркакнинг онаси оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Гувоҳлар айтишича, кучли портлаш тунги соатларда содир бўлиб, бутун маҳалла аҳлини ҳушёр торттирган. Қўшнилардан бирига кўра, марҳум эркак фожиа пайтида яқинларини қутқаришга ҳаракат қилган — у аёли ва онасини дераза орқали чиқариб юборган, аммо болаларини қутқаришга уринганда ўзи ҳам ҳалок бўлган.
Ҳозирча портлаш сабаблари расман очиқланмаган. Воқеа жойида тегишли идоралар томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.






