АсосийСИËСАТ

"Ўзбекистон ёшлар лигаси" ишга туширилади

Фаол ёшларга грант, ипотека ва имтиёзли кредит берилади.

'"Ўзбекистон ёшлар лигаси" ишга туширилади'ning rasmi

Ўзбекистонда ёшларнинг ютуқ ва ташаббусларини баҳолашга қаратилган "Ўзбекистон ёшлар лигаси" платформаси ишга туширилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 30 июнь куни Ёшлар кунига бағишланган учрашувда маълум қилди.

Президентнинг айтишича, янги платформа орқали ёшлар ўз натижалари ва эришган ютуқларини тизимга киритади. Ушбу маълумотлар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўрганилиб, иштирокчиларга махсус рейтинг балллари берилади.

Қайд этилишича, энг юқори балл тўплаган ёшларга таълим грантлари, контракт тўлови учун чегирмалар, "касб ваучери" ҳамда хорижда таҳсил олиш харажатларини қоплаш имконияти тақдим этилади.

Шунингдек, улар тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли кредит олиш, акселератор дастурларида иштирок этиш, хорижда стажировка ўташ, давлат хизмати кадрлар захирасига киритилиш ва уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

Йил якунида эса энг юқори натижа қайд этган йигит-қизлар тантанали равишда тақдирланади.

Президентнинг таъкидлашича, "Ўзбекистон ёшлар лигаси" мамлакатдаги мактаб ва техникум ўқувчилари, маҳаллий ва хорижий олийгоҳларда таҳсил олаётган талабалар, илмий фаолият билан шуғулланаётган ёшлар, давлат ва хусусий сектор ходимлари ҳамда хориждаги ватандошлар фарзандларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида бирлаштирувчи умуммиллий ҳаракатга айланиши кўзда тутилган.

    Бошқа янгиликлар

    "Ўзбекистон ёшлар лигаси" ишга туширилади - Darakchi.uz